Бизнес вакиллари учун муҳим янгилик

Бизнес вакиллари учун муҳим янгилик

 

mssmveno456345635epvukapyvpu4p4.jpg

 

2026 йил 1 ноябрдан бошлаб замонавий ҳисоблагичларга (АСКУЭ ва АСКУГ) эга бизнес вакиллари учун энергия ресурслари истеъмоли бўйича олдиндан тўлов миқдори 15 фоиз этиб белгиланмоқда. Хусусан, электр ва газ учун олдиндан тўлов 15 фоизга туширилади.

Бу эса тадбиркорларимизнинг айланма маблағларини тежаш ва фаолиятини эркин юритишига хизмат қилади. Шунингдек, ёзма ҳисоботларни топшириш мажбурияти бекор қилиниб, шартномалар тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девони масъул ходими Зуфар Раззоқовнинг маълум қилишича, илгари тадбиркорлар ҳар ойда электр ва газ тўлови учун олдиндан катта миқдорда пул ўтказиб қўйишга мажбур эди. Бу эса корхонанинг эркин пул айланмасини музлатиб қўярди. Янги тартибга кўра, масофадан ўчириш ва ёқиш имкониятига эга бўлган, замонавий электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган тадбиркорлар учун олдиндан тўлов миқдори бор йўғи 15 фоиз этиб белгиланди.

Ушбу имтиёз охирги 2 ой давомида тўлов интизомини бузмаган ҳалол тадбиркорларга берилади. Чекловлар ва ортиқча қоғозбозликка ҳам чек қўйилди.