Биринчи ва Иккинчи Ренессанс

 

Биринчи ва Иккинчи Ренессанс

 

rtgsrtysrthsth.jpg 

 

         Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  маънавият ва маърифат соҳасида 9 та йўналишнинг еттинчисида музейларимизда, хусусан, Ислом цивилизацияси марказида Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, давлатчилик тарихи ва буюк алломалар фаолияти бўйича янги экспозициялар ташкил қилинишини алоҳида таъкидлади.

         Маълумки, барча Шарқ ва Ғарб олимларининг эътироф қилишларича, Европада XV-XVII асрлар орасида юзага келган Биринчи Ренессанс юртимизда ундан бир неча юз йил аввал, яъни  IX-XI асрларда рўй берган. Ушбу улкан юксалишнинг содир бўлишининг ўз тарихий сабаблари бор, албатта. Чунки, мазкур даврда давлат тараққиёти учун жуда муҳим бўлган янги ислоҳотлар ва қонунлар жорий қилинди, ер-сув, қўшничилик муносабатларидан солиқларгача туб янгиланишлар содир бўлди.

         Давлат юритишдаги ва сиёсатдаги янгиликлар илм-фан кишиларини эзгу ғоялар теварагида бирлаштирди, турли-туман фанларга, айниқса математика, астрономия, кимё, тиббиёт, ҳуқуқ, геодезияга қизиқиш кучайди ва дунё тузилиши ҳақидаги замонавий назарияларга айнан ўша даврда асос солинди.

         Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний Абу Наср Форобий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий, Маҳмуд Замахшарий, имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотурудий, Абул Муин Насафий каби буюк аждодларимиз серқирра истеъдод соҳиблари бўлишлари билан бир қаторда, ўз фанлари бўйича бутун оламга устозлик мақомига эришдилар.

          Мазкур давр дунё тараққиётининг юксалиш тамойилларини белгилаб берди, десак муболаға бўлмайди. Бунинг ёрқин исботи – Хоразмда барпо этилган Маъмун академиясидир. Даҳо мутафаккирларни ўз бағрига тўплаган бу олий даргоҳ нафақат ўз минтақаси, балки бутун дунё учун акселератор вазифасини ўтагани ҳақиқат.

         Сферик тригонометрия, ўнли рақамларнинг тизимли қўлланиши, тригонометрияда “функция” тушунчасининг пайдо бўлиши, жўғрофий координатларининг аниқ ифодаланиши, Ер сайёрасининг сферик глобуси, қаттиқ ва суюқ моддаларнинг солиштирма оғирлиги, минераллар таснифи, қуруқлик таркибий жисмларининг ҳаракати ва қатламлар ҳосил бўлиши, денгиз ва материкларнинг жойлашуви, тиббий ва фармацевтик билимларнинг бир тизимга солиниши, ташхислаш ва даволашнинг янги усуллари, маъданлар трансмутацияси имконларининг таҳлили – булар юртимизда IX-XI асрларда яшаб ижод қилган буюк аждодларимизнинг табиий ва аниқ фанларда амалга оширган инновацион ғояларининг баъзилари, холос.

          Ўрни келганида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, илм-фан осмонида юлдуздай ярақлаб турган бу алломалар атрофида ва улардан кейин яна юзлаб сафдошлари, шогирдлари, давомчилари юртимиз илм-фани меваларини жаҳоннинг илғор оммасига етказиб беришда катта хизматлар кўрсатишди ва мамлакат шон-шуҳратини, тафаккур қудратини узоқ ўлкаларга қадар ёйишди.

         Иккинчи Ренессанс нафақат минтақамизда, балки жуда катта жўғрофий ҳудудларда сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширган улуғ бобомиз, соҳибқирон Амир Темур номи билан чамбарчас боғлиқ. У зот туфайли қудратли марказий бошқарувга асосланган давлат ва янги маданий-илмий юксалиш учун қулай вазият юзага келди. Амир Темур ўз бепоён салтанатининг катта шаҳарларига турли ҳудудлардаги истеъдодли олимлар, шоирлар, ҳунармандлар, меъморларни жамлади ва илми-фан тараққиёти учун керакли барча шарт-шароитларни яратиб берди. Бундай оқилона сиёсат мамлакатнинг илмий ва маданий қудратини кучайтирди.

         Иккинчи ренессанс даври “Ислом маданиятининг олтин асри” деб аталиши билан бирга, фазо илми ва математика фанларининг ривожланиши билан юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди.

         Юртдошларимизнинг ушбу буюк ихтиролари ЎЗбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кўргазмаларида ўзининг ёрқин ифодасини топади.