Баҳоуддин Нақшбанд

Баҳоуддин Нақшбанд

 

osrosrovnno.jpg 

 

     Хожа Баҳоуддин Нақшбанд – ислом оламининг энг машҳур авлиёларидан бири, нақшбандия тариқатининг асосчисидир. У милодий 1318  йилнинг март ойида Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилган.  Халқ орасида Баҳоуддин, Баҳоуддинжон, Хожа Баҳоуддин, Хўжайи Бузрук, Шоҳи Нақшбанд номлари билан ҳам машҳур. Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг асл исми Муҳаммаддир.

     Ёшлигида отаси билан бирга кимхобга нақш солиш ҳунари билан машғул бўлгани учун Нақшбанд тахаллуси билан машҳур бўлган. Ўша даврда матоларга нақш ишлаган, нақш солинган кўйлаклар ёки нақшли гиламлар тўқиган касб эгалари нақшбанд дейилган. Баҳоуддин” сўзи “Диннинг нури” деган маънони англатади.

     Баҳоуддин Нақшбанд умри давомида бир неча буюк уламоларнинг тарбиясини олган. Биринчи устози – Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий эди. Кекса шайх бу ёш муридини тарбиялашни ўринбосарларидан бўлмиш Амир Саййид Кулолга топширади. У тариқат бобида билганларини ўргатиб бўлганидан кейин шогирдига ижозат беради. Баҳоуддин илм истаб, яссавия тариқати шайхларининг машҳур вакилларидан бўлмиш Қусам шайх олдига, Нахшаб, яъни ҳозирги Қаршига боради. Уч ой ундан таълим олади.

     Баҳоуддин Нақшбанднинг умри асосан Бухоро ва унинг атрофидаги қишлоқларда ўтган. Ғарибона ҳаёт кечирган, фақат ўз меҳнати билан кун кўрган. Ўз таълимотини яратишда Юсуф Ҳамадоний ва Абдулхолиқ Ғиждувоний назарияларига асосланган. Таълимоти асосида: “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” (“Кўнгил Аллоҳда бўлсин-у, қўл иш билан банд бўлаверсин”), – деган шиор ётади.

    Тасаввуфдаги ҳар қандай тариқат каби, хожагон-нақшбандия тариқати ҳам ўз ғоялари, тартиб-қоидалари, одоблари ва қатъиятларини шакллантиришда жуда қадим ришталардан сув ичган. Аммо тариқатнинг бутун моҳиятини унинг бош шиори бўлмиш: “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” ҳикмати ҳамда яна ўн бир қоида белгилаб беради.

      XIV асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган «Нақшбандия» таълимоти Афғонистон орқали Ҳиндистонга ва бошқа ислом юртларига шиддат билан тарқала бошлайди. Нақшбандия таълимоти Темурнинг мўғуллар истеълосига қарши кураш, мустақил давлат барпо этиб, унда маданий-маънавий ривожланишни таъминлашга интилишида, темурий даври маданий юксалишида катта ижобий аҳамият касб этади.

     Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд 1354 йилда вафот этган.