“Бахшичилик ва анъанавий хонандалик ҳафталиги”
        
        
“Бахшичилик ва анъанавий хонандалик ҳафталиги”
 
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан мамлакатимиз болалар мусиқа ва санъат мактабларида “Бахшичилик ва анъанавий хонандалик ҳафталиги” ташкил этилди.
Бахшилар халқ турмуши ва маданиятини, ўзи яшаб турган юрт тарихини пухта билиши, созандалик, хонандалик санъатини пухта эгаллагани билан эътиборга моликдир. Уларнинг маҳорати жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочиримларидан, халқ мақоллари ва ибораларидан унумли фойдалана олишларида яна бир карра намоён бўлади. Зеро, тингловчиларни ром этувчи оҳанг топа билиш, достонни жозибали ва қизиқарли қилиб айтиш достон айтиш бахшичиликнинг муҳим шартидир. Бу эса, ўз навбатида табиий истеъдод, кучли идрок, мунтазам равишда қунт ва чидам билан машқ қилишни талаб этади.
Юртимизнинг Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати ривожланган бўлиб, ҳозирги кунда Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, ҳамда Қорақалпоқ достончилик мактаблари мавжуд. Улар бир-биридан ижро усуллари ва репертуарлари билан фарқланади.
Маданият вазирлиги томонидан мамлакатимиз болалар мусиқа ва санъат мактабларида “Бахшичилик ва анъанавий хонандалик ҳафталиги” доирасида ушбу бебаҳо санъат йўналишлари ҳақида ёш мусиқачиларга янада батафсилроқ маълумотлар берилади. Турли танловлар, очиқ дарслар, маҳорат сабоқлари, концертлар, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
    



