"Азизон"  Хожа Али Ромитаний            
    
        
        
"Азизон"  Хожа Али Ромитаний
 
 
Бухоронинг Ромитан туманидаги милодий 1191йилда Қўрғон қишлоғида туғилган "Азизон" тахаллуси билан машҳур бўлган Хожа Али Ромитаний фақирлик йўлини танлаган энг садоқатли улуғ халифалардан эди.  У Ромитанда бир неча йил халқни иршод этади, кейин Бовард(Абивард)га, ниҳоят, Хоразмга кўчиб бориб, у ерда муқим истиқомат қилади. 
"Рашаҳот айн ул-ҳаёт" ва "Ҳазарот ул-қудс" асарларида ёзилишича, Хожа Али Ромитаний Хоразмда яшаш учун ҳукмдордан ёзма рухсатнома олади. У ҳар куни мардикор бозорига борар, бир-икки ишчини уйига олиб келиб, уларга дин ва тасаввуфдан сабоқ берар, кеч кирганда ҳаққини бериб, кетказар эди. Лекин Хожа Али Ромитанийнинг суҳбатини бир марта эшитган одам яна келаверар эди. Шу аснода тез фурсатда муридлари кўпайиб кетади. 
Хожа Али Ромитаний ҳазратлари адиб ва шоир ҳам эди. Ҳикматларга тўла форсча шеърлар битган. "Тарихи назму наср" асари муаллифи Саид Нафисийнинг қайд этишича, Хожа Али Ромитанийнинг "Маҳбуб ул-орифин" номли асари бор. 
Президентимиз  2018 йил февраль ойида Бухоро вилоятига қилган ташрифлари чоғида Етти пир зиёратгоҳини ободонлаштириш, шу жумладан Ромитан тумани Ўба қишлоғи ҳудудида жойлашган “Хожа Али Ромитаний” зиёратгоҳида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш вазифаси қўйилади.
 Натижада қисқа муддатда буерда уч гумбазлик янги кириш дарвозаси, ҳовуз, баландлиги 16 метрли минор, Ҳазрат Али Ромитаний қабрлари устига мақбара, кутубхона, қуриб битказилди. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида йўллар таъмирланиб, меҳмонлар учун автотураргоҳ ҳам ташкил қилинди.
Хожа Али Ромитаний зиёратгоҳида жомеъ масжид бўлиб, ушбу масжид 2004  йил ҳашар йўли билан қурилган.