Ҳаж ва Умра соҳасида янги тартиб
Ҳаж ва Умра соҳасида янги тартиб

Фуқароларга диний амалларни эркин ва хавфсиз адо этишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада ибодат ва зиёрат билан боғлиқ хизматлар тизимини ислоҳ қилиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида қатор муҳим қарорлар қабул қилинмоқда.
Шулардан бири “Ҳаж ва Умра ягона портали”нинг жорий этилиши бўлиб, у фуқароларга зиёрат тадбирларида иштирок этишда шаффоф, адолатли ва хавфсиз тизимни яратишга қаратилган. Мазкур портал орқали “Ҳаж” тадбирларига борувчиларнинг ягона электрон навбати, шунингдек, “Умра” зиёратчилари учун электрон рўйхат шакллантирилади.
2026 йил 24 январь куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қарор ҳам ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги ПФ–68-сон Фармонига мувофиқ қабул қилинган бўлиб, диний-маърифий соҳада ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилади.
Қарорга мувофиқ, “Ҳаж ва Умра ягона портали”нинг доимий фаолияти таъминланади, соҳадаги барча маълумотларни йиғиш, расмийлаштириш ва қайта ишлаш жараёнлари рақамлаштирилади. Шунингдек, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этишда иштирок этувчи вазирлик ва идоралар, махсус ҳайъатлар ҳамда ташкилий гуруҳларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилди.
Муҳим янгиликлардан яна бири 2026 йил 1 февралдан “Ҳаж”, 1 майдан эса “Умра” тадбирлари фақатгина портал орқали рўйхатдан ўтказиш асосида амалга оширилиши белгиланди. Зиёратчилар ҳақидаги маълумотлар порталга киритилмасдан туриб тадбирларни ўтказиш қатъиян тақиқланади.
Бу каби қатъий чоралар бежиз эмас. Сўнгги йилларда айрим турфирмаларнинг масъулиятсизлиги сабабли юртдошларимиз хорижда оғир аҳволга тушиб қолган ҳолатлар кузатилди.