Атом электр станцияси қурилиши ва атомчилар шаҳарчаси лойиҳаси кўриб чиқилди

Атом электр станцияси қурилиши ва атомчилар шаҳарчаси лойиҳаси кўриб чиқилди

 

risunok1vengoueno56g567467456uekpcypj3f4efvauypfu4e.jpg

 

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида интеграциялашган атом электр станцияси ҳамда унга ёндош замонавий шаҳарча барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди.

Атом энергетикасини ривожлантириш мамлакатимиз энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, барқарор базавий электр генерациясини яратиш ва энергия манбаларини диверсификация қилишда стратегик аҳамиятга эга.

Интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳаси жорий йил 4 июндан қурилишнинг фаол босқичига ўтди. Бугунги кунга қадар реактор биноси учун котлован қазиш ишлари тўлиқ якунланиб, 1 миллион куб метрдан ортиқ тупроқ қазиб олинди. Пойдевор плитасининг бир қисмига 916 куб метр бетон қуйилди. Қурилиш-монтаж базасидаги 100 гектар майдонда ер ишлари бажарилди.

Айни пайтда қурилиш майдонида 450 нафар ишчи ва мутахассис, 100 дан зиёд махсус техника фаолият юритмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Жараёнда 3 мингга яқин турдаги маҳсулот ва ускуналардан фойдаланилади.