«Ҳар бир залда сиз ўша даврга том маънода шўнғийсиз» : Хорижий меҳмонлар марказ ҳақида

«Ҳар бир залда сиз ўша даврга том маънода шўнғийсиз» : Хорижий меҳмонлар марказ ҳақида

Ислом цивилизацияси марказига илк бор қадам қўйган хорижий меҳмонларни аввало унинг улкан кўлами, бой экспозициялари ва тарихни замонавий технологиялар орқали жонлантирган муҳити ҳайратга солди.

Бир қарашда тарихий экспонатлар, бир неча қадамдан сўнг эса интерактив экранлар, қадимий цивилизациялар ва аждодлар ҳаётини акс эттирувчи манзаралар — Марказ меҳмонларини турли даврлар бўйлаб ўзига хос саёҳатга чорлади.

“Соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш усулларини такомиллаштириш” мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этаётган хорижий меҳмонлар ташриф давомида Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи, Ислом маданияти ва бой илмий-маданий мероси билан яқиндан танишдилар.

Уларнинг таассуротлари эса бир фикр атрофида уйғунлашди: бу ерда тарихни шунчаки кўриб бўлмайди — уни ҳис қилиш, англаш ва ўша давр муҳитига гўёки шўнғиш мумкин.

Қозоғистонлик Гулжан Есполова Марказдаги муҳит ва интерактив имкониятлар ҳақида шундай деди:

«Марказ шундай қурилганки, сиз ҳар бир зал бағишланган даврга том маънода шўнғийсиз. Кўплаб заллар интерактив бўлиб, улар орқали илгари одамлар қандай яшаганини тўлиқ тушуниш мумкин. Айниқса, Марказнинг кўлами одамни ҳайратда қолдиради. Келажак авлод, шу жумладан фарзандларимиз учун ҳам аждодларимиз қандай яшаганини интерактив шўнғиш орқали худди воқеликдагидек кўриш жуда қизиқарли».

Литва Миллий соғлиқни сақлаш суғурта жамғармаси бош директори Гитис Бендорюс эса қадимги даврларга бағишланган экспозициялар унда катта қизиқиш уйғотганини таъкидлади:

«Кўргазманинг бошидаги, милоддан аввалги биринчи минг йилликка оид қисм мен учун энг ҳайратланарли бўлди. Одамлар қанча вақт олдин яшаганлари, улар қандай санъатга эга бўлганлари ва савдо йўллари қандай ривожланганини кўриш жуда қизиқ. Мен кўп нарсаларни билардим, лекин буни экспонатлар ва интерактив дисплейлар орқали кўриш ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли».

Франциялик Матильда Майферт Марказнинг Ўзбекистон ва минтақа маданий меросини ёритишдаги аҳамиятига эътибор қаратди:

«Марказингиз ҳақиқатан ҳам гўзал ва жуда бой. Мен Ислом маданияти ҳақида ўзим билмаган кўп нарсаларни ўрганяпман, бу жуда таассуротли. Марказ Ўзбекистон ва бутун минтақанинг маданияти ҳамда меросини ҳақиқатан ҳам акс эттиради. Айниқса, қадимий ашёлар, пахта ва уни қайта ишлаш усуллари, ипак ҳамда Ипак йўли ҳақида кўпроқ билиш менга жуда завқ бағишлади».

Озарбайжонлик Салман Гумбатов эса Марказнинг бой тарихи ва муҳити унда катта таассурот қолдирганини билдирди:

«Мен ушбу Марказдан жуда таъсирландим. Бу жуда бой тарих. Тошкентда ва Ўзбекистонда биринчи марта бўлишим ҳамда Марказга келиб, шунча маданиятни кўришим орқали бу мамлакат нақадар қадимий, маданияти нақадар буюк эканини янада чуқурроқ ҳис қилдим. Жуда ажойиб. Ўзбекистонликларни шундай Марказ билан табриклайман».

Хорижий меҳмонларнинг фикрларида бир жиҳат муштарак: Ислом цивилизацияси марказида тарих фақат намойиш этилмайди — у экспозициялар, интерактив имкониятлар ва замонавий ечимлар орқали инсонга янада яқинлашади.