Янги Ўзбекистон тиббиёти
Янги Ўзбекистон тиббиёти

Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсадлар улкан. Инсон умри, саломатлиги ҳақида гап кетганда, бунинг нақадар муҳим ва долзарб экани англашилади. Замонавий инструментлар, аппаратлар билан жиҳозланган муассаса билан биргаликда, малакали кадрлар тайёрлаш масаласи асосий ўринга чиқади. Соҳада бугун ана шундай кадрлар бўй кўрсата бошлади. Аксарият мутахассисларнинг узоқ йиллик тажрибалари алоҳида бир мактаб.
Президентимизнинг жорий йил 20 октябрдаги “Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Мукофотни бевосита давлатимиз раҳбарининг қўлидан қабул қилиб олдим. Бундай юксак ишонч зиммамга катта масъулият юклайди.
Атиги ўн йил олдин бундай ўзгаришларни тасаввур қилиб ҳам бўлмас эди. Ўша пайтларда на трансплантация бўйича қонун бор эди, на бундай мураккаб амалиётлар бажариларди. Ҳозир эса ҳатто, оддий туман шифохоналарида ҳам маҳаллий кадрларимиз томонидан юракни очиб операция қилиш, стентлаш, қон томирларини текшириш ва бўғимларни алмаштириш каби юқори технологик муолажалар бажарилмоқда.
Тиббиётимизда юз берган бундай улкан ўзгаришларни ҳеч иккиланмасдан ҳақиқий инқилоб дейиш мумкин. Соҳага қаратилаётган катта эътибор ва яратилган шароитлар туфайли чекка ҳудудлардаги инсонлар ҳам олис жойларга бориб овора бўлмасдан, ўз туманининг ўзида энг замонавий тиббий ёрдамни олишмоқда.