Янги ўқув йилининг илк қадами — маърифат ва буюк мерос сари

Янги ўқув йилининг илк қадами — маърифат ва буюк мерос сари

Ўз тарихини англаган ёшнинг келажакка интилиши ҳам мустаҳкам бўлади. Янги ўқув йилини ана шундай маърифий муҳитда бошлаш мақсадида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг 1-босқич талабалари учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига махсус ташриф ташкил этилди.

Янги ўқув йилининг дастлабки кунларида ташкил этилган мазкур ташриф ёшлар учун оддий экскурсиядан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Талабалар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказида юртимиз тарихининг турли даврлари, буюк алломаларнинг илмий мероси, аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси билан яқиндан танишдилар.

Марказ экспозицияларида Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс бўлимлари, илм-фан тараққиёти ва буюк сиймолар фаолияти замонавий музей технологиялари асосида намоён этилган. Талабалар тарихий манбалар ва ноёб экспонатлар орқали аждодларимизнинг математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, адабиёт ва бошқа соҳалардаги ютуқлари ҳақида батафсил маълумот олдилар.

Талаба Беҳрузбек Алишеровнинг сўзларига кўра, Марказда тарихий мероснинг замонавий технологиялар билан уйғунлашгани ёшларда алоҳида таассурот қолдирган.

“Бу ердаги тарихий манбалар ва қадимги цивилизациялар аждодларимиз қанчалик буюк бўлганини биз ёшларга яна бир бор намоён этмоқда. Биз бундан фахрланамиз. Келажакда уларнинг изидан бориб, инновацион ғоялар асосида замонамизни ривожлантиришни мақсад қилганмиз”, — деди у.

Туризм йўналишида таҳсил олаётган 1-босқич талабаси Мухлиса Музропова эса Марказни “тарихга саёҳат” сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, китобларда ўқилган тарихий воқеалар ва буюк шахслар меросини бевосита экспозициялар орқали кўриш ёшларда Ватанга бўлган фахр туйғусини янада кучайтиради.

“Соҳибқирон Амир Темур даври, Алишер Навоий ва бошқа буюк аждодларимиз яшаган замонни худди ўзим яшагандек ҳис қилдим. Бу маскан биз ёшларда ўзбек тарихи ва миллий меросимизга бўлган қизиқишни янада оширади”, — деди Музропова Мухлиса.

Ташриф доирасида талабалар марказ кутубхонаси фаолияти билан ҳам танишдилар. Бу ердаги илмий адабиётлар, ноёб манбалар ва замонавий ахборот ресурслари уларнинг келгусидаги таълим ва илмий изланишлари учун муҳим имкониятлар яратиши таъкидланди.

Шунингдек, ёшлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюриб, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, аҳолига диний билимларни маърифат асосида етказиш ва диний таълим муассасалари фаолияти ҳақида маълумот олдилар.

Ташрифнинг яна бир манзили — Мотуридий илмий-тадқиқот маркази бўлди. Бу ерда буюк ватандошимиз Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва уни замонавий илмий муомалага олиб кириш борасидаги ишлар билан танишилди.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчиси Алиакбар Жалилов мазкур ташриф талабаларда тарих ва миллий меросга қизиқишни кучайтирганини таъкидлади.

“Талабалар миллий давлатчилигимиз, тарихимиз ва ўзбек алломалари ҳақида жуда кенг маълумотларга эга бўлдилар. Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши ёшларга қаратилаётган эътиборнинг яққол намунасидир”, — деди у.

Айни пайтда, бу каби ташрифлар ёшларнинг дарсхонадан ташқаридаги билим олиш имкониятларини кенгайтиради. Талаба музей, китоб, тарихий манба ва илмий марказ билан бевосита мулоқот қилар экан, ўз касби ва танлаган йўналишининг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англайди.

Зеро, тарихни билиш — ўтмишни эслаш эмас, келажакни англашдир. Ислом цивилизацияси марказидаги мазкур маърифий ташриф эса академия талабалари учун янги ўқув йилини янги билим, янги мақсад ва юксак илҳом билан бошлашга хизмат қилди.