Янги Тошкент инвестор ва аҳоли учун янги имкониятлар эшигини очади

Янги Тошкент инвестор ва аҳоли учун янги имкониятлар эшигини очади

 

risunok17567567567egsengengengproaporapoapoaegnekagneng.jpg

Президент Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Янги Тошкентга ташриф буюриб, ҳудудда бунёд этилган иншоотларни ишга тушириш ва янги лойиҳаларнинг қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди. Шунингдек, бу ерда йирик лойиҳаларни амалга ошираётган инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Уч йил аввал қурилиши бошланган Янги Тошкент мамлакатимиз тарихидаги энг йирик шаҳарсозлик лойиҳасидир. Хавфсиз ва “яшил” шаҳар сифатида барпо этилаётган ҳудудда биринчи босқичнинг ўзида замонавий технологик ечимларга асосланган 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Шаҳарда 2 минг гектар яшил майдон ва 500 гектар истироҳат боғлари ташкил этилади. “Яшил қурилиш стандартлари” асосида 150 миллион квадрат метр турар ва нотурар жой майдонлари барпо қилинади.

Ўтган даврда Янги Тошкентда 2 миллиард долларлик ишлар бажарилди. Турар жойлар, университетлар, кутубхона ва амфитеатр қурилди. Маросимда умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган еттита объект ишга туширилди.

Булар “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг биринчи босқичи, йўл ва инфратузилма объектлари, “Янги Тошкент” 1-сон нимстанцияси, тригенерация станцияси, Савдо-саноат палатаси биноси, “Соҳил боғи” истироҳат боғи ҳамда 2 минг ўринли умумтаълим мактабидир.

Туркиянинг “MIMSAN” компанияси иштирокида 73 миллион доллар инвестиция ҳисобига барпо этилган тригенерация станцияси 100 минг хонадонни марказлашган тарзда иситиш ва совитиш, айни пайтда электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Хитойнинг “Haocheng Industry Group Limited” компанияси билан қурилган нимстанция ва юқори кучланишли электр тармоқлари лойиҳасининг қиймати 95 миллион долларни ташкил этади.

Шунингдек, 18 километр автомобиль йўли барпо этилиб, 13 километр канализация ва 4,5 километр ичимлик сув тармоқлари тортилди. Қирғоқ бўйлаб 10 километрлик “Соҳил боғи”да пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил қилинди. “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг илк босқичида қарийб 7 мингта хонадон қурилди.

Маросимда Хитой, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа хорижлик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган яна ўнта йирик лойиҳа қурилишига старт берилди.

Улардан бири юқори технологик маҳсулотлар ва ярим ўтказгичлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Deep Tech park” саноат ҳудудидир. Уни барпо этишга 320 миллион доллар йўналтирилади. Келгусида бу ерда умумий қиймати 1,7 миллиард долларлик лойиҳалар жойлаштирилади.