Янги Евросиё меъморчилигида стратегик шерикликнинг янги босқичи
Янги Евросиё меъморчилигида стратегик шерикликнинг янги босқичи

Жаҳон иқтисодиёти қайта тақсимланиш босқичига кирмоқда. Анъанавий савдо йўналишлари ўзгаряпти, технологик марказлар янгидан шаклланяпти, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект давлатлар рақобатбардошлигини белгилаётган асосий омилга айланмоқда.
Ана шундай мураккаб ва тезкор ўзгаришлар шароитида 2026 йил июнь ойида бўлиб ўтган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми нафақат иқтисодий мулоқот, балки келажак тараққиёт моделлари муҳокама қилинган муҳим сиёсий-иқтисодий майдон сифатида намоён бўлди. Форумнинг энг муҳим воқеаларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ялпи мажлисдаги иштироки ва илгари сурган ташаббуслари бўлди.
Анжуманда Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар бир-бири билан узвий боғлиқлиги диққатга сазовор. Бу ғоялар алоҳида лойиҳа эмас, балки келажак иқтисодиётини шакллантиришга қаратилган ягона тизимнинг таркибий қисми сифатида намоён бўлди. Хусусан, инсон капиталини ривожлантириш бўйича қўшма онлайн-платформа яратиш таклифи ёндашувнинг муҳим унсуридир.
Замонавий иқтисодиёт шароитида табиий ресурсдан кўра билим ва технология фойдалироқ қиймат яратаётгани сир эмас. Шу нуқтаи назардан РФ билан ҳамкорликда таълим, IT-технология, касбий тайёргарлик ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган рақамли платформани шакллантириш ташаббуси келажак учун инвестиция сифатида баҳоланди. Зеро, шу тариқа икки мамлакат меҳнат бозорини яқинлаштириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва рақобатбардош инсон капиталини шакллантириш имкони кенгаяди.