Янги авлод” мактабгача таълим ташкилоти
Янги авлод” мактабгача таълим ташкилоти

Президент фармони билан 2026—2028-йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида биттадан “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши белгиланди.
Ҳужжатга кўра, ушбу боғчаларда фаолият юритадиган раҳбар ва педагог ходимларга тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама жорий этилади. Бунда маъмурий-бошқарув ва педагог лавозимларига олий маълумотли, юқори салоҳиятли номзодлар танлов асосида қабул қилинади.
“Янги авлод” боғчалари таркибида Болаларни ривожлантириш инновацион марказлари ташкил этилади. Уларда болаларнинг ёши ва ривожланиш босқичига мос равишда ижод ва санъат, фан ва математика, жисмоний фаоллик, тил ва тасаввур, робототехника ҳамда илк алгоритмлаш йўналишларида тематик ўйингоҳлар йўлга қўйилади.
Ҳар бир “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотига Болаларни ривожлантириш инновацион маркази фаолиятини мувофиқлаштирувчи директор ўринбосари штати ажратилади. 2027-йилдан бошлаб мактабгача таълим қамровини ошириш мақсадида ҳар йили камида 5 минг ўриндан иборат қўшимча қувватлар яратиш назарда тутилган.