Янги археологик масканлар
Янги археологик масканлар

Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти Тош даври бўлими ходимлари томонидан Ғаллаорол тумани ҳудудида жойлашган Нурота тоғ тизмасининг шимоли-ғарбий қисмида палеолит ва неолит даврларига оид янги археологик масканлар аниқланди.
Тадқиқотлар жараёнида тарихий аҳамиятга эга қатор археологик манзиллар аниқланди.
Хусусан Ўгат қишлоғининг ғарбий қисмида сўнгги палеолит даврига оид ибтидоий кишиларнинг яшаш макони қайд этилди. Изланишларнинг дастлабки таҳлиллари бу ҳудудда минг йиллар аввал инсонлар доимий ёки мавсумий истиқомат қилганини кўрсатмоқда.
Қоропчи қишлоғининг шимолий этакларида эса неолит даврига мансуб иккита янги макон аниқланди. Топилган манзиллар инсониятнинг деҳқончилик ва чорвачиликка ўтиш даврига оид муҳим маълумотларни ўз ичига олади.
Ёнбоштут қишлоғи шимолида жойлашган “Бешбулоқ” номли макон ҳам неолит даврига тегишли бўлиб, бу ерда қадимги жамиятларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётига доир излар топилган.
Таъкидланишича, мазкур археологик топилмалар Ўзбекистон ҳудудида энг ибтидоий одамларнинг яшаш тарихини ўрганишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.