Андулус масжиди
Андулус масжиди

Испанияда Андулус ислом давлатини барпо этган Абдурраҳмон бин Муовия бин Ҳишом бин Абдулмалик Кордобада катта масжид қурдирган. Бу масжид Бағдоддаги масжидлардан ҳам баланд, гўзал ва ҳашаматли бўлиши режаланган.
Масжид қурилиши 785 йилда бошланган. Қурилиш материаллари шарқдаги турли жойлардан келтирилган. Тахталар Ливаннинг энг мукаммал дарахтларидан, яна турли ўлкалардан рангли мармарлар, Ироқ ва Суриядан қийматли тошлар, инжу, зумрад, фил тишлари олиб келинган. Лекин масжиднинг тугаганини кўришга Абдурраҳмон-I га насиб этмаган. Ундан кейин тахтга чиққан ўғли Ҳишом ва невараси Ҳакам-I масжидни битиришга ҳаракат қилган.
Масжид 990 йилда, яъни 205 йил давомида қуриб битказилган. Ҳакам-II 976 йилда масжидга олтиндан минбар ясаттирган. Мана шу тариқа масжид жуда муаззам, ҳашаматли ва ниҳоятда гўзал санъат асари сифатида барпо қилинган. Масжиднинг майдони 120х135 метр бўлиб, тўғри тўртбурчак шаклида эди. Икки чеккасидан худди икки қўлини очиб тургандай иккита девор олдинга чўзилган. Бу деворларнинг узунлиги 135 метр бўлиб, асосий бинодан эътиборан олдинга қараб чиққан қисмлари орасида ҳовли ҳосил қилган.

Масжид ичида ҳар бири 10 метр баландликда 1419 устун бор эди. Бу устунлар дунёнинг энг мукаммал мармарларидан ясалганди. Устунларнинг тепасидаги камарлар бир нечта рангли мармардан парча-парча ҳолда ишланганди. Масжидга кирган одам ўзини гўёки устунлар ўрмонида юргандай ҳис этарди.
Мармар устунлардаги қўл санъатини кўрганлар бундай гўзаллик олдида ҳайратдан донг қотишарди. Масжидга кирган ҳар бир одам худди сеҳрлангандай бўларди. Чунки бунақанги чирой ва бунақаннги нозик дид шу пайтгача жаҳоннинг ҳеч қаерида кўрилмаган эди.
Масжиднинг 20 эшиги бор эди. Эшикларнинг олдида махсус апельсин боғчалари барпо этилиб, ҳамма ёқ ям-яшил эди. Масжиднинг атрофида бошқа боғчалар, ҳовузлар, фавворалар, чашмалар бор эди. Мусулмонларнинг таҳорат олиши учун кўплаб шодирвон (атрофидан кўпгина кранлар чиқарилган ҳовуз шаклидаги қуббали чашма)лар қурилганди. Масжиднинг таг қисми энг қийматли мармар ва тахталардан ишланганди. Шифтга ишлатилган қийматли Ливан тахталари бинога алоҳида гўзаллик, алоҳида ҳайбат бериб турарди. Девор ва шифтларда бежирим нақшлар ва жуда кўп ҳуснихат, ҳаттотлик намуналари бўлмиш ёзувлар бор эди. Масжид ичи, бир қараганда худди поёни йўқ устунлар ўрмонидай кўринарди. Кечалари минглаб кумуш қандиллардан атрофга сочилган рангли шуълалар масжидни ойдинлатарди.

1632 йили Мисрда вафот этган машҳур тарихчи Аҳмад ал-Маккорий “Наҳйут тиб мин ғасни Андулусир ротиб” китобида ушбу масжид ҳақида уни ёритиб турган чироқ ва қандилларнинг сони 7425 та эканлигини, буларнинг ярми оддий кечаларда, ҳайит байрамлари ва муқаддас кечаларда эса барчаси ёқилгани, булар учун ҳар йили 29 тоннага яқин зайтун ёғи сарфлангани, бундан ташқари масжидга хушбўй ҳид бериб туриш учун ҳар йили 150 кг мушки анбар ва уд дарахти тутатилгани қайд қилган.




