Ҳамкорлик тараққиёт омилидир
Ҳамкорлик тараққиёт омилидир

Бугунги кунда Тошкент вилоятида саноат тармоқларини технологик янгилаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва инвестициявий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, халқаро тажрибага эга компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали ҳудуднинг саноат салоҳиятини янада юксалтириш, замонавий технология ва илғор инжиниринг ечимларини жалб этиш борасида қатор амалий чоралар кўрилмоқда.
Шу мақсадда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегацияси ҳам Хитой Халқ Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турибди. Дастлаб Пекин шаҳрида қурилиш материаллари ва саноат инжиниринги соҳасида халқаро тажрибага эга бўлган “Sinoma International Engineering Co., Ltd.” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Мулоқотда Тошкент вилоятида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, саноат корхоналарини технологик модернизация қилиш, шунингдек, илғор инжиниринг ечимларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур хитой компанияси глобал цемент ва тоғ-кон саноати учун EPC тамойили асосида комплекс лойиҳаларни амалга ошириш билан бирга, ишлаб чиқариш линиялари учун юқори технологияли ускуналар, жумладан, роторли печлар ва майдалагичлар ишлаб чиқаради.
Компания фаолияти бугунги кунда анъанавий саноат йўналишлари билан чекланиб қолмаяпти. Қайта тикланувчи энергия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосидаги бошқарув тизимларини ривожлантириш ҳам унинг устувор йўналишларидан. Хусусан, дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатида мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилган. 2025 йил якунларига кўра, компаниянинг тушуми 73,27 миллиард доллар, соф фойдаси 4,23 миллиард доллар, умумий активлари эса 91,65 миллиард долларни ташкил этган.