Америкада илк бор “Ўзбек маҳалласи”

Америкада илк бор “Ўзбек маҳалласи”

 

risunok4zddzzddzoldlldr.jpg

 

АҚШнинг Сиэтл шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошларимиз ҳаётида муҳим воқеа юз берди. Илк бор ўзбеклар бирлашиб, “Ўзбек маҳалласи” жамоат бирлашмасини ташкил этди.

Ушбу ташаббус юртдошлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодга етказишга хизмат қилади. Жамоа Вашингтон штати томонидан расман рўйхатдан ўтказилди. Штат Давлат котиби Стив Хоббс томонидан ҳудуддаги илк ўзбек жамоаси сифатида қайд этилгани мазкур ташаббуснинг тарихий аҳамиятини янада оширди.

Бугунги кунда Вашингтон штатида 3 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ва келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган ватандошлар истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти Сиэтл ҳамда унинг атрофидаги йирик технологик ва саноат компанияларида фаолият юритмоқда. Хусусан, Microsoft, Amazon, Google, Boeing, Oracle, NVIDIA каби дунёга машҳур компанияларда ишлаётган юртдошларимиз дастурий таъминот, сунъий интеллект, муҳандислик, авиация, таълим, тиббиёт ва тадбиркорлик йўналишларида муносиб ўрин эгаллаган.
“Ўзбек маҳалласи”га асли хоразмлик Мусо Холмуродов раис этиб сайланди. Сиэтлда Маркс номи билан танилган у Вашингтон штати ҳукумат тизимида 15 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, айни пайтда штат Тузатиш ишлари департаментида раҳбарлик лавозимида фаолият юритмоқда.
Маҳалла ўзбек халқи учун нафақат жамоат бирлашмаси, балки меҳр-оқибат, ўзаро ёрдам, миллий ўзлик ва бирдамлик тимсолидир.

Сиэтлдаги янги жамоа ҳам ана шу қадриятларни давом эттириб, ватандошларни бирлаштириш, ёш авлод қалбида она тили, тарих ва маданиятга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашни мақсад қилган.