Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги мақбараси таъмирланади ва ободонлаштирилади
Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги мақбараси таъмирланади ва ободонлаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарорида Афғонистон Ислом Республикасининг Ҳирот шаҳрида жойлашган Алишер Навоий мақбараси мажмуасидаги ҳолат ўрганилиб, бобокалонимиз мақбарасини кўркам бир зиёратгоҳга айлантириш бўйича алоҳида таклиф тайёрлаш масаласи ҳам кун тартибига қўйилган эди.
Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири А.Қирғизбоев раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ Афғонистон Ислом Республикасига сафар уюштирди.
Ишчи гуруҳи таркибида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили И. Иргашев, А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, навоийшунос олим Ш.Сирожиддинов, Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти бошлиғи ўринбосари Ф.Давлатов ҳамда “Madaniy meros LITI” МЧЖ бош директори Ж.Раҳмановлар бор эди.
Ташриф доирасида меҳмонлар Ҳирот вилояти губернатори Абдул Воҳид Қаттолий билан музокаралар ўтказиб, унинг ҳамроҳлигида Алишер Навоий мақбарасини зиёрат қилиб, у ерда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида батафсил келишиб олишди.
Суҳбат жараёнида, Ҳирот вилояти раҳбарияти Ўзбекистон томони кўтарган бу хайрли ишдан хабардор эканлиги, Алишер Навоий улар учун ҳам азизлигини, мазкур мақбара атрофини ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларида тўлиқ ҳамкорлик қилишларини билдирди.
Ташриф давомида ишчи гуруҳ аъзолари Навоий мақбарасига яқин Гавҳаршодбегим мақбарасини, Мусалло мажмуасини ҳамда Қобул шаҳридаги “Боғи Бобур” мажмуасида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур мақбарасини ҳам зиёрат қилишди.




