Ялангтўш Баҳодир

Ялангтўш Баҳодир

dtyjhdjthdrhtsdhtstjhshsth.jpg

          Самарқанднинг ташриф қоғозига айланган, шаҳар марказида салобат тўкиб турган Регистон майдонининг ҳозирги кўриниши XVII асрдаги Самарқанд шаҳар ҳокими бўлган Баҳодир Ялангтўшбий олчин томонидан шакллантирилган. Ҳозирги Самарқанд шаҳрини барпо қилган соҳибқирон Амир Темур даврида бу майдон савдо ва ҳунармандлар расталари жойлашган марказ бўлган, Мирзо Улуғбек даврида эса илм-фан ўчоғига айланган. Бу ерда Улуғбек салобатли мадраса, ёнида карвонсарой, қаршисида эса сўфийларнинг улкан гумбазли хонақосини қурдиради. Регистоннинг кўҳна иморатлари нурай бошлагач, Аштархонийлар даврида Самарқанднинг XVII асрдаги амири Ялангтўшбий 1619-1638 йилларда Улуғбек мадрасаси қаршисида Шердор мадрасасини, ёнида эса 1649-1659 йилларда Тиллакори мадрасасини қурдиради. Мазкур биноларнинг уйғунлашуви доирасида  машҳур Регистон ансамбли мажмуаси яратилган.

          Ўзбекларнинг Олчин уруғига мансуб Ялангтўш Баҳодир 1576 йилда Нуротада дунёга келган. Унинг отаси Бойхўжа нақшбандия тариқатининг арбобларидан Маҳдуми Аъзам Даҳбедийнинг авлоди Хўжаҳошимнинг муриди бўлган. Ҳозирда Ялангтўшбий Баҳодир ва унинг қизлари Иқлимабону, Ойбийи Даҳбеддаги мақбарада, Хўжаҳошим Даҳбедий қабрининг оёқлари ёнида дафн этилган. Баҳодирнинг Бойбек исмли ўғли ҳам бўлган, бироқ у отасидан олдин вафот этган. Ялангтўш Баходир 1656 йилда Самарқандда вафот этган.

          Ялангтўш Баҳодир Шайбонийлар сулоласидаги Бухоро хони Абдуллахон-2 ҳузурига келиб, махсус харбий мактабда ўқиган. Ўқишини мадрасада давом эттиради. Бўлажак ҳоким амир-амалдорлар ўқийдиган ҳарбий билим юртида тайёргарликни ўтаб, ўн етти ёшида Булунғур, Оқдарё, Жомбой, Каттақўрғон ҳудудларида жойлашган Олчин уруғининг беги этиб тайинланади. 1595 йилда Бағдодда яна тўрт йил таълим олади.

dfyjfykdftjhdrthjdrjtxsrthsht.jpg

Бекмуҳаммад хон бўлган даврда Ялангтўшбий хон кенгашининг аъзоси, ҳарбий ишлар буйича маслаҳатчи, ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борди. Бекмуҳаммад вафотидан кейин Ялангтўшбий Бухоро тахтига даъвогар бўлган Шайбоний Абдулмўминни тан олмайди, Аштархонли бўлган Имомқулихоннинг ҳокимиятни эгаллашига кўмак беради. Оқибатда янги хон уни Самарқанднинг амири этиб тайинлайди.

        Амир Ялангтўш Баҳодир моҳир саркардалардан бўлиб, хукумат салтанати курашларида, мудофаа ишларида, қўшни давлатлардаги юришларда, чегараларини мустаҳкамлашда фаол қатнашиб, харбий  қўмондон сифатида танилган. Шунингдек қурилиш ва ободончилик ишларига катта эътибор берган  ва эл-юрт ўртасида катта ҳурматга сазовор бўлган.