Ал-Азҳар мажмуаси

Ал-Азҳар мажмуаси

 fyaepucu.jpg 

 

             Миср Араб Республикасининг “Ал-Азҳар” мажмуаси 970-972 йилари Фотимий халифа Ал-Муизз амрига биноан Қоҳира шаҳри билан баробар қурилган. Унинг таркибидаги Мадраса XI1 асрдан бошлаб Қуръон, ҳадис, фиқҳ, тил ҳамда балоғат фанлари ўқитиладиган университетга айланган. XIV-XV асрларда унга яна бир неча янги қурилган мадрасалар кўшилган. XVIII асрда Ал-Азҳар энг мўътабар умуммусулмон фан ва таълим маскани сифатида шуҳрат қозонган.

              1961 йилда “Ал Азҳарни ривожлантириш ҳақида”ги қонун асосида мажмуага вазирлик мақоми берилган. Ал-Азҳар диний муассасасига раҳбар — Шайхул Азҳарни Миср Президенти тайинлайди. Ушбу конунга кўра Ал-Азҳар унверситетида қатор дунёвий факультетлар, жумладан идора ишлари ва савдо, политехника, қишлоқ  хўжалиги, тиббиёт, педагогика  ва хотин-қизлар факультетлари очилган. Ал-Азҳар мажмуаси ҳузурида 50 нафар йирик уламодан ташкил топган (шулардан 30 нафари мисрлик ва 20 нафари хорижий уламолар) Ислом тадқиқотлари академияси фаолият кўрсатмоқда. Ал-Азҳар кутубхонасида 20 мингдан зиёд қўлёзмалар жамғармаси мавжуд, «Мажаллат ал-Азҳар» журнали нашр этади.

            Ал-Азҳар университетининг факультетларига шу муассаса таркибига кирувчи бошланғич, ўрта ва ўрта махсус билим юртларини муваффақиятли тугатган толиби илмлар қабул қилинади. Ўрта таълим юртида (маоҳид иъдодия)д ўқиш муддати — 4 йил, махсус таълим (маоҳид сонавия)да эса — 5 йил. Ал-Азҳар  университетининг турли босқичларида 108,5 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади.

             Ал-Азҳар университетида мамлакатимизнинг таниқли уламолари Зиёвуддинхон ва Шамсуддинхон Бобохоновлар, Абдуғани Абдуллаев, Юсуфхон Шокиров, Қорақалпоғистонлик диний арбоб Раҳматулла Идрисов, арабшунос олим Шоикромқори Шоисломов ва бошқалар  таҳсил кўрганлар.

      Ал-Азҳар” мажмуаси тасарруфидаги таълим муассасаларига қабул қилиш фақатгина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита йўлланмаси асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.