Ақида илми
Ақида илми

Ақида илми – эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ўрганиладиган илмдир. Бу илмнинг мақсади диний ақидаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва ундаги шубҳаларни рад қилишдир. Эътиқод қилиши лозим бўлган ишларда мусулмонни тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтаришдир. Энг асосий мақсади, тўғри ақида билан икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.
Ақида илмининг мартабаси ҳақида сўз кетганда унинг энг мўътабар илм экани таъкидланади. Чунки бу илм бошқа илмларга нисабатан пойдевор каби бўлса, бошқа илмлар унинг устига қуриладиган бино кабидир. Ақоид илмининг энг юқори мартабадаги илм экани унинг «Усулуд дин» (Диннинг асллари) деган номидан ҳам билиниб туради. Ушбу илмнинг бу ном билан аталишидан, бошқа илмларнинг «Фуруъуд дин» (Диннинг асллари устига қуриладиган бўлимлари) экани тушунилади.
Ислом ақидаларининг асоси Қуръонда берилган, ҳадислардаги кўрсатмалар негизида ишлаб чиқилиб, тартибга солинган.
Ақида илмининг мақсадлари қуйидагилар:
1. Динга бўлган ишончни мустаҳкамлаш.
2. Диний ақидаларни қатъий далиллар билан исботлаш, улар ҳақидаги шубҳаларни аритиш.
3. Тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён этиш.
4. Дин асосларини ботил аҳлининг шубҳаларидан сақлаш.




