Ҳаётий муҳим аҳамиятга эга таклифлар

Ҳаётий муҳим аҳамиятга эга  таклифлар

 

raolpprolrolprolrolro.jpg  

        Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманбоши шаҳридаги "Аваза" туризм зонасида бўлиб ўтган БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этди.

       Анжуманда транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, савдони соддалаштириш, барқарор ривожланиш, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари кўриб чиқилди. 

       Конференцияда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, шунингдек, бошқа қатор давлат ва ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

       Президент Шавкат Мирзиёев конференцияда муҳокама қилинаётган масалалар ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эканини, чунки денгиз портларидан жўғрофий узоқлик ва бир неча мамлакат ҳудудларини кесиб ўтиш зарурати бир қатор объектив муаммоларни келтириб чиқараётганини таъкидлади.

       Давлатимиз раҳбари кун тартибида адолат масаласи - денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларнинг жаҳон иқтисодиётидаги тенг иштирокини таъминлаш масаласи турганини таъкидлади. Ушбу долзарб муаммони ҳал қилиш учун учта принципиал шартни бажариш лозим- инфратузилмани модернизация қилиш, ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва ривожланиш ҳуқуқини таъминлашдир.

       Ўзбекистонда бу соҳада тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда: хусусий сектор иштирокида замонавий логистика тармоғи шакллантирилмоқда, савдо-транспорт жараёнлари рақамлаштирилмоқда, инвестиция муҳити яхшиланмоқда. Ислоҳотлар натижасида рақобатбардошлик ошдива инновацион ривожланиш жадаллашди.

       Марказий Осиё ягона транспорт-логистика маконига айланиб, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги транзит хаби сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми 4,5 баробар, инвестициялар 2 баробар, қўшма корхоналар сони 5 баробар кўпайди.

       Жорий йилда ҳамкорлар билан “Хитой - Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бошланди, “Ўзбекистон - Туркманистон - Эрон – Туркия” транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди.

       Ўзбекистон раҳбари қатор ташаббусларни илгари сурди, жумладан:

      Ўрта йўлак салоҳиятини, энг аввало, ўзаро келишилган транзит сиёсатини юритиш, қоидаларни унификация қилиш ва контейнер ташувлари учун мақбул тарифларни жорий этиш орқали тўлиқ ишга солиш;

      БМТ шафелигида денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битимни ишлаб чиқиш;

       БМТ шафелигида бундай мамлакатларнинг логистика интеграциясига кўмаклашиш жамғармасини ташкил этиш;

Чекловларни холисона баҳолаш ва ресурсларни адолатли тақсимлаш учун денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларнинг Глобал заифлик индексини жорий этиш.

       Ўзбекистонда аграр соҳани ривожлантириш бўйича Инновацион хабни ташкил этиш таклифини амалга ошириш муҳимлигига эътибор қаратилди.