8 декабрь – ЎзбекистонРеспубликаси Конституцияси куни
8 декабрь – ЎзбекистонРеспубликаси Конституцияси куни
Янги стратегик мақсад – ижтимоий давлат барпо этиш
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш энг олий устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу Янги таҳрирдаги Конституциямизда ўзининг ёрқин ифодасини топган. Айниқса Асосий Қонунимизда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади – ижтимоий давлат қуриш белгилаб берилиши эътиборга моликдир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол иштирок этдилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, “инсон – жамият – давлат”, деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз”.
Янгиланган Конституциямиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи қонуний асосларни мустаҳкамлашга йўналтирилган. Унингш муқаддимасидаёқ инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, демократия, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқат, инсон ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланиши муҳрланиб қўйилди. Шу билан бирга Асосий Қонунимзнинг аввалги “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартирилганлиги, яъни энг аввало инсон манфаатлари устун қўйилиши халқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлабгина қолмасдан, уларни амалга оширилиши кафолатларини ҳам таъминлайди. Янгиланган Конституциямизда инсон ҳуқуқларига тааллуқли конституциявий нормалар 3 баробардан ортиқ кўпайди ва 50 дан ортиқ моддани ташкил этди.
Қомусимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмуни белгилаб қўйилганлиги ҳам аҳамиятлидир. Хусуан, янги таҳрирдаги Конституцияни инсон ҳуқуқларини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади.
Шу билан бирга қонунчиликда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилди. Шахснинг бузилган ҳуқуқ ва эркинларини тиклаш масаласи унинг ҳаётида ўта муҳим ўрин тутганлиги сабабли, судлар томонидан чиқарилган қарорларни апелляция, кассация ёки назорат тартибида қайта кўриб чиқиш институтлари жорий этилди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий таълим дастури қабул қилинган. Ушбу дастур доирасида таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича ўқув ва махсус курслар ташкил қилинмоқда, шунингдек мазкур йўналишларга доир туркум қўлланма ва рисолалар чоп этилмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформа ҳам ишга туширилган.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатида фаоллик кўрсатиб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ҳамда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачилар билан яқин ҳамкорлик қилади. Инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни амалга ошириш, айниқса аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий адолат тамойилларига конституциявий мақом берилган. Шунингдек, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини шакллантириш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг ёшлар ва болалар ҳуқуқлари бўйича учта резолюцияси қабул қилинди, халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ёшлар ҳуқуқларига бағишланган 4 та халқаро форум ташкил этилди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Бу
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада ривожлантиришга, аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, шунингдек, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллиги ҳам кенг нишонламоқда. Бу санага бағишланган тадбирларда давлат ташкилотлари ва муассасалари, жамоатчилик бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари фаол иштирок этмоқда. 2023 йилдан бошлаб ҳар йили 1-10 декабрь кунлари мамлакатимизда «Инсон ҳуқуқлари» ўн кунлигини эълон қилиш ҳамда барча умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кунга бағишланган умуммиллий дарс ўтказиш белгилаб қўйилди.




