2025 йилги Давлат бюджети лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди
2025 йилги Давлат бюджети лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Тайёрлашда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда 2025 йилда белгиланган тадбирларни молиялаштириш масалаларига аниқлик киритилди. Шунингдек, келгуси йил “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан ушбу йўналишларга сарфланадиган маблағларнинг манзиллилиги ва натижадорлигига эътибор қаратилди.
Қонун лойиҳасида бюджет тақчиллиги чекланган миқдорининг ошиб кетишига йўл қўймаслик, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан қўшимча харажатларни амалга оширишда қонун талабларига қатъий риоя қилиш, давлат ташқи қарзининг ва давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича лойиҳада белгиланган чегарадан ошиб кетмаслик бўйича ҳукуматнинг ўз зиммасига олаётган мажбуриятлари депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.