1 июндан Ўзбекистонда нималар ўзгарди
1 июндан Ўзбекистонда нималар ўзгарди
Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
— дори воситалари ишлаб чиқарувчиларига хорижий консалтинг хизматлари ҳамда EU GMP ва US FDA GMP сертификатларини жорий этиш харажатларининг 50 фоизи, аммо 50 минг доллардан ошмаган қисми қоплаб берилади;
— илмий-тадқиқот институтлари ва таълим муассасалари томонидан яратилган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган дори воситалари ва тиббий буюмлар учун рўйхатдан ўтказиш, клиник синов ва биоэквивалентлик тадқиқотлари харажатларининг 80 фоизи, аммо 8 минг доллардан ошмаган қисми қопланади.
-
Фармацевтика ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналарига солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлик 2 БҲМдан ошмаган тақдирда давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилади. Агар қарз миқдори ушбу чегарадан ошса, қарздорлик юзага келган кундан бошлаб 10 кун ичида иштирок этиш мумкин бўлади.
-
Тадбиркорлик субъектларига божхона божларини 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
-
Божхона тўловларини кафолатлашнинг умумий усулларидан фойдаланган тадбиркорларга хавфларни бошқариш тизими натижаларига кўра камайтирилган миқдорда таъминот қўлланилади.
-
Қуйидаги талаблар бекор қилинади:
— «FSSC 22000», «IFS Food», «BRCGS Global Standard for Food Safety», «SQF Food Safety Code» сертификатларига эга корхоналар ишлаб чиқарган озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишда санитария-эпидемиология хулосасини олиш;
— товарларни “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига жойлаштиришда карантин рухсатномасини олиш.
-
Давлат органларида коррупцияга қарши барқарорлик даражасини аниқлаш тизими жорий этилади. Инспекцияларда фаолият юритувчи, “юқори” ва “ўрта” коррупция хавфи мавжуд лавозимлардаги ходимлар ҳамда ушбу лавозимларга номзодлар диагностикадан ўтказилади.
-
Агар ходимнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражаси “паст” деб баҳоланса, бу унинг ушбу лавозимда ишлашини чеклайди ва у мажбурий тарзда коррупция хавфи паст бўлган бошқа лавозимга ўтказилади.
-
Қурилиш чиқиндиларини қайта ишлатиш, қайта ишлаш ёки утилизация қилиш тартиби жорий этилади.
-
Архив хизматларини рақамлаштириш учун амалдаги ахборот тизимлари негизида Ягона миллий архив ахборот тизими жорий этилади.
-
Сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича давлат харидларини:
— махсус реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари билан; — умумий қиймати 2 500 БҲМдан ошмаган шартномалар бўйича тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга оширишга рухсат берилади.
-
Тошкент шаҳрида кўмир, мазут ва атмосферага зарарли бошқа ёқилғилардан фойдаланувчи янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тақиқланади.
-
Қурилиш объектлари учун мажбурий экологик талаблар жорий этилади. Уларга ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш, онлайн-камераларни назорат тизимига интеграция қилиш, лойиҳалаш босқичида экологик хулоса олиш ва қоидабузар компаниялар рейтингини пасайтириш киради.
-
Электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари жорий этилади.




