Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлиси

Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлиси

 vaprpyvkaeryerykerykeryk.jpg

      2025 йил 4 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Ялпи мажлис кун тартибига “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”, “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонунлар киритилган.

     Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш жараёнлари янада жадаллаштирилиши, кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими  такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар кўриб чиқиш режалаштирилган.

      Ялпи мажлисда айрим қонун ҳужжатларига транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун ҳамда  парламент назорати доирасидаги қатор масалалар, хусусан, Бош прокурорнинг прокуратура органларининг 2024 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилади.

     Самарқанд вилоятининг айрим ҳудудлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги, талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ўқувчиларни сифатли дарсликлар билан таъминлаш юзасидан парламент сўровлари юборишга оид масалалар муҳокама этилади. 

      Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва соҳада илм-фан ютуқларини жорий қилиш бўйича парламент сўрови натижаларини муҳокама қилиш, Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала ҳам сенаторлар эътиборида бўлади.