Зулматни ёритувчи ой
Зулматни ёритувчи ой

Хожа Ориф Моҳитобон (зулматни ёритувчи ой) номи билан ғарбу шарқда маълум ва машҳур. Ҳазрат Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий Шофиркон тумани Ревгар қишлоғида ҳижрий 560, милодий 1165 йилда таваллуд топган.
Моҳитобон дейилишига сабаб, Ориф Ревгарий валий бўлиб қалблари илоҳий нурлар хазинасига айланган эди. Бу нурлар вужудларининг ҳар бир ҳужайрасидан шуъла сочиб, тажалли этиб порлаб турар эди. Хожа Орифга валоят даражаси шунчалик юксак эдики, у киши кирган ҳужра ёруғ бўлар эди.
“Мақомати Абдулҳолиқ Ғиждувоний ва Орифи Ревгарий” асарида ривоят қилинишича, Ревгарий болалигидаёқ Абдулхолиқ Ғиждувоний хизматини қила бошлаган. У зот нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси,бухоролик етти пирнинг иккинчиси =исобланади.
Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий ҳақларида Абдураҳмон Жомийнинг “Нафоҳатул унс”, Алишер Навоийнинг “Насоимул муҳаббат”, Тоҳир Эшоннинг “Тазкирайи нақшбандия” ва бошқа асарларда маълумотлар берилгандир. Аксарият қадимий манбаларда Хожа Ориф "Қутбул авлиё-валийлар йўлбошчиси" деб баҳоланган.
Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийнинг “Орифнома” асарларини форс-тожик тилларидан Садриддин Салим Бухорий ва Исроил Субхоний 1994 йилда тажрима қилиб, 16 бетдан иборат 75 минг нусҳада китобхонлар учун чоп этганлар. Рисолада ўзлари айтган ҳикматли сўзлар ёзилган. Шунингдек, машойихлар ҳикматидан 38 та ҳикмат келтирилган. “Орифнома” асарлари бир томондан хожагон талимотининг мазмун-моҳияти одоби, камолот йўли ва воситаларини ўргатувчи бир асар бўлса, иккинчидан бу тасаввуф тарихидаги буюк намоёндалар таълимотини ўргатувчи манбадир.
Истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб Хожа Ориф мақбаралари атрофи ободонлаштирилиб, Шофиркон ҳуснига кўрк берувчи кўркам мажмуа барпо этилди. Бугунги кунда бундай меъморий мажмуалар нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонларининг зиёрат қиладиган севимли масканига айланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида бўлганларида Бухорои Шарифдаги “Етти пир” мажмуаларини реконструкция қилиш ҳамда янги сайёҳлик йўналишларини очиш тўғрисидаги тавсияларига мувофиқ, Хожа Ориф зиёратгоҳида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва қўшимча бинолар барпо этиш ишлари бошлаб юборилди.
2018-2019 йиллар мобайнида Хожа Ориф ар-Ревгарий Моҳитобон зиёратгоҳи ҳудуди замонавий янги лойиҳа асосида ҳашар, реконструкция ва қурилиш ишлари олиб борилди. Асосий кириш дарвозаси, “Минор”, эркаклар ва аёллар таҳоратхонаси қурилди. Музей, кутубхона, ўқув хонаси ва маъмурий бинолар барпо этилди. Ҳудди шунингдек, зиёратгоҳ атрофида 85 ўринли “POYKENT” меҳмонхонаси, “Моҳитобон чойхонаси” ва замонавий “Автотураргоҳ” қурилиб, келаётган меҳмонлар ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди.




