Зоминда “Илк ривожлантириш маркази”

Зоминда “Илк ривожлантириш маркази”

 

rpoaporapracprap.jpg

 

      Жиззах вилояти Зомин тумани Ғафур Ғулом маҳалласида мазкур саъй-ҳаракатларнинг амалий намунаси сифатида замонавий “Илк ривожлантириш маркази” фойдаланишга топширилди. 

       Муассасада 3–6 ёшли болаларни “ўйин гуруҳлари” орқали мактабга тайёрлаш, 2–7 ёшли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган тарбияланувчилар учун махсус таълим хизматлари йўлга қўйилди. Шунингдек, ижодкорлик, нутқни ривожлантириш, мустақил фикрлаш ва ижтимоий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган машғулотлар олиб борилади.

       Марказ замонавий ўқув-услубий жиҳозлар, мультимедиа воситалари, хавфсиз ва қулай муҳит билан таъминланган. Шу билан бирга, ота-оналар учун педагогик маслаҳат ва қўллаб-қувватлаш хизматлари мавжуд.

       Мактабгача ёшдаги болаларни комплекс ривожлантириш, эрта таълим сифатини ошириш ва ота-оналарни педагогик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш марказнинг асосий вазифаларидир.

       Алоҳида эҳтиёжли болалар учун дефектолог ва психологлар фаолият юритмоқда. Уларга махсус дастур асосида уйма-уй бориб машғулот ўтказиш ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда болалар ёзиш ва ўқишга тайёрланиш билан бирга, ижтимоий муҳитга мослашади, нутқи ва дунёқараши ривожланади. Алоҳида эҳтиёжли болаларга кўрсатилаётган эътибор эса уларнинг келгусида тенгдошлари билан бир қаторда таълим олишига шароит яратади.