Жисмоний шахслар шахсий ҳужжатларининг аслини олиш бўйича янги давлат хизмати жорий этилди
Жисмоний шахслар шахсий ҳужжатларининг аслини олиш бўйича янги давлат хизмати жорий этилди

Фуқаролар учун муҳим ва амалий аҳамиятга эга бўлган янгилик – давлат архивларида сақланаётган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳужжатларини, жумладан меҳнат дафтарчаси, шаҳодатнома, диплом ва бошқа шунга ўхшаш шахсий ҳужжатларни аслини олиш бўйича янги давлат хизмати жорий этилгани ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 612-сон қарори билан тасдиқланган “Жисмоний ва юридик шахсларга маълумотномалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламенти” янги Давлат архивларида сақланаётган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳужжатлари аслини бериш давлат хизмати билан тўлдирилди.
Мазкур давлат хизматининг энг муҳим жиҳати шундаки, эндиликда давлат архивларида сақланаётган, тугатилган ташкилотлар томонидан архивга топширилган фуқароларнинг шахсий ҳужжатлари аслини белгиланган тартибда олиш имконияти яратилди.
Ушбу давлат хизматидан барча жисмоний шахслар фойдаланиши мумкин. Хусусан, фуқаронинг шахсий ҳужжати илгари фаолият юритган ташкилоти тугатилиб, унга тегишли архив ҳужжатлари давлат архивига топширилган бўлса, мазкур ҳужжатни олиш учун мурожаат қилиш мумкин.