Зиёрат туризм соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Зиёрат туризм соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

cyprvkeorvovkrpyukpyukrur.jpg

14 январь куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Ахмедов  бошчилигида “ZOOM” платформаси орқали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари ҳамда вилоят бош имом-хатиблари билан зиёрат туризм соҳасини ривожлантириш, ушбу йўналишда амалга ошириладиган ишларни муҳокама қилиш масалаларига бағишланган мулоқот ташкил этилди.

 

Мулоқотда бугунги кунда Президентимиз томонларидан зиёрат туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли амалий саъй-ҳаракатлар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида гап  борди. Ўз навбатида, хориждан зиёратчиларни юртимизга олиб келиш, тарғибот ишларини кучайтириш, хорижий ва маҳаллий зиёратчилар учун нашрлар сонини кўпайтириш, зиёратгоҳлар ҳақида видео маҳсулотларни яратиш ҳамда уларни интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали оммалаштириш каби муҳим масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Шунингдек, мулоқотда ички туризм дастурларини ишга туширишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тизимдаги барча ташкилотлар томонидан фаолиятни янада такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Сир эмас, бугун аксарият фуқароларимиз, айниқса, ёшларимиз юртимизнинг бой тарихи, муборак қадамжолар ва зиёратгоҳлар ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Бу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш – ана шу кемтикликни тўлдиришга асос бўлиб хизмат қилиши табиий.

 

Ўз навбатида, пандемия билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, Индонезия, Малайзия, Туркия, Ҳиндистон, Исроил, Бангладеш, Эрон, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Покистон ва Россиядан сайёҳларни мамлакатимизга зиёрат туризми мақсадида ташриф буюришини ташкил этиш, бу йўналишда айниқса, Туркияда - Имом Мотуридий ва Нақшбанд, Покистон ва Ҳиндистонда – Етти пир алломалари ва Имом Бухорий,  Малайзия ва Индонезияда Имом Бухорий, Нақшбанд ва бошқа кўплаб алломаларимизнинг меросини тарғиб қилиш орқали миллионлаб зиёратчиларни Ўзбекистонга жалб қилиш мумкинлиги таъкидланди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати