Женевада Ислом цивилизацияси маркази ва буюк алломалар меросига бағишланган халқаро тақдимотлар муҳокама қилинди
Женевада Ислом цивилизацияси маркази ва буюк алломалар меросига бағишланган халқаро тақдимотлар муҳокама қилинди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатимизнинг кўп асрлик илмий-маърифий мероси, буюк алломаларимиз қолдирган бебаҳо илмий хазина ҳамда миллий маданий қадриятларимизни жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этишга хизмат қиладиган йирик маърифий маскандир. Марказнинг асосий мақсадларидан бири Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро майдонда кенг намоён этиш, буюк аждодларимиз меросини илмий асосда тарғиб қилиш ва маданиятлараро мулоқотни янада ривожлантиришдан иборат.
Айни шу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, Швейцариянинг Женева шаҳридаги БМТ қароргоҳида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар меросига бағишланган махсус тақдимотларга тайёргарлик юзасидан муҳим учрашувлар ўтказилди.
Учрашувларда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотрудий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) вакиллари ҳамда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Элдиёр Тошматов иштирок этди. 17–18 июль кунлари ўтказилган музокаралар давомида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда бўлажак тадбирларни юксак савияда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, БМТнинг Женевадаги қароргоҳи Маданий тадбирларни ташкил этиш қўмитаси раҳбари Шарлотта Варакол билан учрашувда махсус тақдимотлар концепцияси, уларнинг мазмун-моҳияти ва халқаро аҳамияти хусусида атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, тадбирларга нуфузли олимлар, экспертлар, дипломатик корпус вакиллари ҳамда маданият арбобларини жалб қилиш, шу орқали Ўзбекистоннинг бой маънавий меросини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
— Ўзбекистон асрлар давомида илм-фан, маданият ва ислом цивилизациясининг йирик марказларидан бири бўлиб келган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва топшириқлари асосида ЮНЕСКО ва БМТ каби нуфузли халқаро майдонларда ташкил этиладиган бу тақдимотлар нафақат тарихий меросимизни намойиш этади, балки маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади, — деди Марказ директор ўринбосари Иззатбек Ибрагимов. — Кўргазма ва конференцияларга халқаро экспертлар, олимлар ва дипломатик корпус вакиллари жалб этилади. Бу эса Ўзбекистоннинг замонавий дунёда тинчлик, маърифат ва илм-фан ғояларини илгари суришдаги ролини яна бир бор кўрсатиб беради.
Музокаралар давомида БМТнинг Женевадаги қароргоҳи Протокол ва техник хизмат координатори Томас Эрик Кригер билан кўргазма экспозицияси, конференция майдонлари ва маданий дастурларни ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий-техник масалалар муҳокама қилиниб, тадбирларни юқори даражада ўтказиш юзасидан амалий келишувларга эришилди.
Мазкур учрашувлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг бой маънавий-маърифий меросини БМТ каби нуфузли халқаро майдонларда кенг тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистоннинг илм-фан ва цивилизация тараққиётига қўшган ҳиссасини дунё жамоатчилигига янада яқиндан танитиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.







