Завод, дала ва аудитория бир занжирда
Завод, дала ва аудитория бир занжирда

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи ҳудудда саноат, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларидаги ўзгаришлар ўзаро узвий боғлиқ эканини яққол намоён этди. Бир томондан тўқимачилик фабрикаси, трактор йиғиш корхонаси, мева-сабзавот қуритиш заводи ҳамда пахта далаларидаги ишлар кўздан кечирилиб, 69 та янги лойиҳа ишга туширилди, яна 92 тасининг қурилишига старт берилди.
Иккинчи томондан эса “Касблар шаҳарчаси”, маҳалла мактаби ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти билан танишилди. Бу каби кенг кўламли ислоҳотларнинг барчаси ягона занжирнинг ажралмас ҳалқаларидир.
Бу боғлиқликнинг иқтисодий моҳияти шундаки, инвестиция технологияни олиб келади, технология эса уни бошқара оладиган малакали инсонни талаб қилади. Инсон капитали бўлмаса, энг замонавий ускуна ҳам тўлиқ қувват билан ишламайди. Ташрифнинг энг муҳим хулосаси айнан шу.
Ҳудудга жалб этилган маблағлар иқтисодий янгиланишнинг миқёсини кўрсатади. Сўнгги беш йилда Қашқадарё вилоятига 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди. Шу даврда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад уч баравар ошди.
Инвестициянинг натижаси эса фақат ажратилган маблағ миқдори билан ўлчанмайди. Ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларни баҳолашда фақат умумий суммага эмас, уларнинг ички тузилишига ҳам эътибор бериш муҳим. Бунинг учун иқтисодиётда кенг қўлланиладиган, жумладан, битта иш ўрнига тўғри келадиган инвестиция миқдорини ва лойиҳаларнинг экспорт имкониятларини таҳлил қилиш мумкин.