Зардўзлик ва заргарлик фестивали
Зардўзлик ва заргарлик фестивали

Азалдан илм-фан, маданият ва ҳунармандчилик маркази сифатида танилган кўҳна ва боқий Бухорода III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалига тантанали очилди. Миллий қадриятлар, нодир ҳунармандчилик анъаналари ва бетакрор маданий меросни ўзида мужассам этган ушбу нуфузли анжуман нафақат мамлакатимиз, балки халқаро жамоатчилик эътиборини ҳам Бухорога қаратмоқда.
Фестиваль эрта тонгданоқ юқори кайфият ва байрамона муҳитда “Мўъжизалар карвони”нинг тантанали юриши билан бошланди. Арк қўрғонидан “Лаби ҳовуз” мажмуасигача бўлган тарихий кўчалар бўйлаб ўтган юришда миллий либослардаги иштирокчилар, фольклор жамоалари, ҳунармандлар ва санъаткорлар Бухоронинг бой маданий муҳитини яна бир бор намоён этди. Қадимий шаҳар кўчаларида янграган миллий куй-қўшиқлар ва рақслар фестивалга ўзгача файз бағишлади.
Фестиваль доирасида Бухоро шаҳрининг эски шаҳар қисмида республика фольклор жамоаларининг чиқишлари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-савдолари, халқ амалий санъати намуналари тақдимотлари ташкил этилмоқда. Айниқса, зардўзлик ва заргарлик буюмларида миллий анъаналар билан замонавий услуб уйғунлиги иштирокчилар ва меҳмонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.