Жамиятда диний бағрикeнгликни шакллантиришда исломнинг роли

Жамиятда диний бағрикeнгликни шакллантиришда исломнинг роли

fukprfukpcufacfuacua.jpg

          Мамлакатимиз азал-азалдан турли миллий ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилиб, дўстона, биродарликда, тинчлик-тотувликда яшаган ўлка бўлиб ҳисобланади. Тарихдан маълумки аждодларимиз юртимиздаги бошқа дин вакилларига ҳамиша ҳурмат ва эҳтиромда муносабатда бўлганлар. Ватанимизнинг ривожланиш босқичларида, унинг ҳар бир ютуғи, ижтимоий иқтисодий жиҳатдан равнақ топишида ҳам улар ҳалол меҳнатлари билан бир-бирига елкадош бўлиб хизмат қилганликлари кўпгина тарихий манбаларда қайд қилиб ўтилган.

          Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу борада “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу–бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”  деб алоҳида таъкидлаган.

          Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни  яратиб беришга динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

          Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 34 миллиондан ошиб кетди. Улар орасида  130 дан ортиқ турли миллат вакиллари бор. Юртимиз фуқароларнинг 94 фоиздан кўпроғи Ислом динига эътиқод қилади. 3,5 фоиз аҳолимиз эса православ динига мансубдир. Аҳолининг қолган қисми бошқа диний конфессияга мансуб ҳисобланади. Юртимизда кўплаб диний ташкилотлар ҳам фаолият олиб бораётганлиги озод ва обод ҳаётда яшаётган халқимиз бағрикенглигининг амалий ифодаси бўлиб ҳисобланади.

          Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тарихий илдиз ва мустаҳкам қонуний асосларга эга бўлиб, дунёвий давлат ва дин орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб белгиланган. Ушбу моддани амалга ошириш механизми 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунида кенг ёритиб берилган. Унинг 3-моддасига кўра, Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасида: “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга,бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат ибодат қилишда ва диний расм-русум ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка тартибда, шунингдек бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”, деб белгиланган.

          Дунё, барча инсонларнинг дини, миллати ва ирқидан қатъий назар, умумий уйимизга айланиб бўлган. Ҳар бир давлат қонунчилигида инсон ҳуқуқлари, унинг ҳурмати бош масала қилиб белгиланган.

          Ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайримуслимларга ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, Ислом ўзидан аввалги самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик)ни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин вакиларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ - ҳуқуқларини шариат қонунлари билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир - бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.

          Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи Унинг аҳлига (яъни Аллоҳнинг бандаларига) наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти). «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад»).

          Мурувват, диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши бўлиб, у эътиқод ва динлар тарихидаги бир янгилик эди. Ислом илк давриданоқ собиқ динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа хил мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб қилмади. Ислом илк кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага бошлади: «Барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силайи раҳмдан тўсмаслиги лозим» ва ҳоказолар.

          Тарихдан шу нарса маълумки, қайси жамият ҳаётида диний бағрикенглик тамойиллари ўз ифодасини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби, диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди. Шунинг учун ҳам инсоният Ер юзида ҳаёт кечиришни бошлагандан буён бағрикенглик тамойилларига амал қилиб яшашга эҳтиёж сезади.

          Ислом динидаги динлараро бағрикенглик ғояларига амал қилиб келган юртимизда масжид, черков ва синагоглар ўз ибодатчиларга эмин-эркин хизмат кўрсатиб келганлиги тарихимизнинг оғир синовли даврида ҳам диний асосда ҳеч қандай низо келиб чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажибага эга эканлигидан далолатдир. Демак, юқоридагилардан маълум бўладики, жамиятнинг ривожланиши, тинч ва осойишта бўлиши, тотувлик ва ҳамжиҳатлик қарор топиши учун инсонлар ўзаро меҳр-оқибатли бўлиши, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиши, қариндошчилик ва қўшничилик ҳақларига риоя этиши, ўзга дин вакилларига бағрикенг бўлиши каби инсоний фазилатларда намоён бўлади.

Олимхон ЮСУПОВ,

Ҳадис илми мактабининг ректори.