“Узум сайли – 2026”
“Узум сайли – 2026”

Паркентнинг сўлим табиати бағрида икки кун давом этган “Узум сайли – 2026” халқаро фестивали кўтаринки кайфият ва унутилмас таассуротлар билан якунланди.
Фестиваль доирасида узумчиликнинг қадимий анъаналари, миллий қадриятлар ва замонавий имкониятлар ўзига хос уйғунликда намоён бўлди. Турли ҳудудлардан ташриф буюрган иштирокчилар энг сара узум навлари, миллий таомлар, ҳунармандчилик намуналари ҳамда ижодий чиқишлари билан ўз маҳоратини намойиш этди.
Заркентдаги узум сайли нафақат ҳосил байрами, балки ҳалол меҳнат қадри улуғланаётган, деҳқоннинг ризқи ва баракаси намоён бўлаётган файзли айёмдир. Ҳар бир харидор дастурхонига бир бош узум билан бирга Заркент деҳқонининг меҳнати ва меҳр-оқибатидан ҳам олиб кетгандек бўлади. Хорижлик сайёҳлар ҳам катта таассуротларга эга бўлди.
Паркентнинг машҳур узумчилик мактаби, серҳосил токзорлари ва соҳибкору фермерларнинг меҳнати кенг намойиш этилгани фестивалнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди. Икки кунлик байрам ўз ниҳоясига етган бўлса-да, унинг ёрқин таассуротлари, миллий руҳи ва самимий муҳити иштирокчилар хотирасида узоқ сақланиши шубҳасиз.