Ўзбекистонликлар шубҳали хорижий қўнғироқлардан огоҳлантирилди
Ўзбекистонликлар шубҳали хорижий қўнғироқлардан огоҳлантирилди

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқароларига хорижий рақамлардан келаётган шубҳали қўнғироқлар сони ортиб бормоқда. Мутахассислар бундай ҳолатлар ортида киберфирибгарлар туриши мумкинлигини таъкидлаб, аҳолини эҳтиёт бўлишга чақирмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай қўнғироқлар интернет орқали юборилгани сабабли, уларни ким ва қаердан амалга оширганини аниқлаш анча мушкул. Шунингдек, ушбу рақамлар ҳақида махсус базаларда маълумот бўлмаслиги, уларнинг вақтинчалик ва сохталаштирилган рақамлар эканини англатади.
Шубҳали қўнғироқлар бир қатор хавфларни келтириб чиқаради. Хусусан, бундай рақамларга қайта қўнғироқ қилиш абонент ҳисобидан маблағ ечилишига сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, фирибгарлар ўзини турли ташкилот ходими сифатида таништириб, шахсий маълумотлар ва банк карталарига оид махфий кодларни қўлга киритишга уринади.
Мутахассислар, шунингдек, нотаниш рақамдан келган қўнғироққа жавоб бериш орқали абонент рақами “фаол” экани аниқланиши ва натижада бундай қўнғироқлар сони янада ортиши мумкинлигини қайд этмоқда. Айрим ҳолатларда эса овоз ёзиб олиниб, сунъий интеллект орқали сохталаштирилиб, яқинларни алдаш мақсадида ишлатилиши хавфи ҳам мавжуд.