Ўзбекистонлик талабаларнинг лойиҳаси халқаро танловда ғолиб бўлди

Ўзбекистонлик талабаларнинг лойиҳаси халқаро танловда ғолиб бўлди

 

 

bez-nazvan1q2w3e4r5t6yia.jpeg

 Олмалиқ давлат техника институти талабаларининг АЭС самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳаси Россиядаги халқаро хакатонда ғолиб бўлди. 

Институтнинг кончилик иши ва металлургия йўналишида таҳсил олаётган талабалари Сибирь федерал университетида ўтказилган “Ёзги университет – 2026” халқаро таълим дастурида иштирок этди.

Дастурга Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Хитой, Бразилия, Миср, Чили ва бошқа давлатлардан жами 430 нафар талаба жалб қилинди.

Вакиллар “Тоғ-кон ва металлургия мажмуасида рақамли трансформация” курсида геоахборот тизимлари, рақамли моделлаштириш, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, сунъий интеллект технологиялари ва технологик жараёнларни симуляция қилиш йўналишларини ўргандилар.

Дастур доирасида инновацион лойиҳалар бўйича халқаро хакатон ҳам ўтказилди. Унда ОДТИ талабаларидан иборат “ЎзЯдро” жамоаси Ўзбекистонда барпо этилаётган атом электр станцияси самарадорлигини оширишга қаратилган ғояларини тақдим этди.

Жамоа финал босқичига чиқиб, халқаро экспертлар томонидан “Энг илғор лойиҳа” номинацияси ғолиби деб топилди.