Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида гидлар малакаси оширилмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида гидлар малакаси оширилмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида гидлар учун навбатдаги ўқув-семинари ташкил этилди. Машғулотлар давомида Марказнинг Музей ва экспонатлар илмий бўлими катта илмий ходими Обид Тангиров гидларга музейнинг энг ноёб лойиҳаларидан бири «Цивилизациялар ва кашфиётлар девори» экспозицияси ҳақида батафсил маълумот берди.

Семинарда экспозициянинг илмий концепцияси, меъморий ечими, экспонатлар таркиби ҳамда мультимедиа имкониятлари атрофлича тушунтирилди. Экспозиция учта йирик қисмдан иборат:
«Исломдан аввалги давр цивилизациялари»
«Биринчи Ренессанс»
«Иккинчи Ренессанс»

Ҳар бир қисм 52 метр узунлик ва 8 метр баландликка эга бўлиб, Ўзбекистон ҳудудидаги давлатчилик тарихи, илм-фан ва маданият тараққиётини яхлит хронологик занжир асосида намоён этади. Экспозиция таркибида юзлаб ноёб экспонатлар, тангалар, макетлар, график тасвирлар, видеороликлар, интерактив ўйинлар, электрон хариталар ва голограммалар жамланган бўлиб, улар ташриф буюрувчиларга бой тарихий меросни замонавий технологиялар орқали қизиқарли ва таъсирчан шаклда тақдим этади.

Бундай ўқув-семинарлар гидларнинг касбий маҳоратини ошириш, музей экспозицияларини илмий асосда ва қизиқарли тарзда тақдим этиш, шунингдек, меҳмонларга янада сифатли хизмат кўрсатишга хизмат қилади.