Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи ва кутубхона фондин нодир асарлар билан бойитилмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи ва кутубхона фондин нодир асарлар билан бойитилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Буюк аждодларимиз бўлган ислом оламининг мутафаккирлари асарларини, уларнинг бутунжаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур ўрганиш, теран англаш ва кенг оммалаштириш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу масала ёшларда илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини кучайтириш, барча жамиятларда ислом қадриятлари ва маданиятини тўғри англаш ҳамда қабул қилиш, дунёнинг барча халқларига Ислом динининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини етказиш учун муҳимдир” деб уқтирган.
Тошкентда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидп улуғ алломаларимиз ва азиз-авлиёлар хотирасига бағишлаб юртимизда бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари, муқаддас қадамжолар макетлари, улуғ сиймолар, ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар, моддий ва номоддий мерос ноёб экспонатлар орқали кенг намойиш қилинади.
Шунинг учун Марказ музейи ва кутубхона фонди нодир асарлар билан бойитиб борилмоқда. Англиядаги халқаро қўлёзмалар жамғармаси Марказга 100 мингта ноёб қўлёзмалар каталогини беғараз тақдим этган. Франция миллий кутубхонаси эса араб ва лотин тилидаги 80 га яқин ноёб китоб нусхаларини туҳфа этган.
Ватандошларимиз ҳам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси ўзларида мавжуд нодир қўлёзмаларни тақдим этишмоқда.
Бу ўринда ҳамюртимиз Алишер Усмоновнинг Ислом цивилизацияси марказига қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Ана шу бебаҳо коллекциядан шарқшунослик ва ислом оламининг Европага таъсирига доир XIII асрдан бошлаб то ҳозирга қадар чоп этилган лотин, инглиз, француз, немис тилидаги ноёб китоблар жамланган.

Нодир китоблар орасида Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобининг илк лотинча таржимаси ҳам бор. Шунингдек, ўта ноёб саналган “Мусулмон манбааларини таржима қилиш учун лотинча-арабча луғат” номли қўлланма ҳам мавжуд.
Беруний, Фарғоний сингари улуғ аждодларимизнинг айрим асарлари йўқолиб кетган, бизгача етиб келмаган. Аммо бу асарларнинг лотин тилидаги таржималари сақланиб қолган. 1200-1300 йилларга тааллуқли ўша лотинча-арабча луғатлар ёрдамида аждодларимизнинг лотин тилидаги илмий меросини аслиятда қандай бўлганини бемалол ўрганишимиз мумкин.
Яқинда Марказ кутубхонаси учун ҳижрий IV, мелодий X асрда мовий ранг пергамент (кийик терисидан тайёрланган саҳифа)га олтин сувида куфий ёзувида битилган машҳур мовий Қуръоннинг Луқмон сураси битилган саҳифа, яна X-XV асрлар орасида Мағриб мамлакатларида яратилган энг нодир Қуръон тўпламларидан 25 саҳифа факсимиле нусхалар Ислом цивилизацияси маркази учун харид қилинди.




