Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасини яна бир муҳим қадам
Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасини яна бир муҳим қадам

Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасини жадал ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Қатарнинг MBK Holding асосчиси ва бошқарув раиси Мансур бин Халифа Ол Тоний билан учрашув ўтказди. Мулоқотда сунъий интеллект, рақамли инфратузилма, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, IT соҳасига инвестиция жалб қилиш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш каби стратегик йўналишлар муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистонни сунъий интеллект ва илғор рақамли технологиялар бўйича Марказий Осиё ҳамда МДҲ ҳудудидаги етакчи марказлардан бирига айлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналишда ёш ва иқтидорли мутахассисларни халқаро лойиҳаларга жалб қилиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва янги, юқори даромадли иш ўринларини яратиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, сунъий интеллект ечимларини соғлиқни сақлаш, таълим ва давлат бошқаруви тизимларига кенг жорий этиш, Ўзбекистонда фаолият юритаётган халқаро IT компаниялари билан ҳамкорликни кучайтириш ва мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятидан самарали фойдаланиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.