Ўзбекистонда Креатив саноат парки
Ўзбекистонда Креатив саноат парки

Президент қарори билан Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан мамлакатдаги креатив соҳаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган йирик давлат ташаббуси – Креатив саноат парки тақдим этилди.
Унинг асосий мақсади креатив иқтисодиётни шакллантириш ва ижодкорлар учун қулай шарт-шароит яратишдан иборат. Тадбирда парк рассом, дизайнер, мусиқачи, режиссёр ва тадбиркорларга имтиёзлар, инфратузилма ва бозорларга чиқиш имкониятларини тақдим этиши тушунтирилди.
Креатив саноат парки бешта асосий йўналишдан иборат яхлит тизим сифатида ишлайди. Улар қаторига имтиёзли ҳуқуқий ва солиқ режими, рақамли рўйхатдан ўтиш платформаси, ижодий майдонлар ва кластерлар тармоғи, профессионал ҳамжамият ва халқаро ҳамкорлик, шунингдек, бозорлар ва экспорт имкониятлари киради.
Ташаббус 15 та йўналишдаги 142 та иқтисодий фаолият турини қамраб олган. Буларга дизайн, мода ва архитектура, медиа ва нашриёт, реклама ва маркетинг, кино, мусиқа ва ижро санъати, ҳунармандчилик, музей ишлари ҳамда рақамли технологиялар киради.
Креатив саноат парки инфратузилмаси бутун республика бўйлаб ривожлантирилади. Жумладан, Тошкент шаҳри Форобий кўчасида жойлашган марказда бизнес, таълим ва маданий майдонлар бирлаштирилади. “Янги Тошкент” ҳудудида эса ишлаб чиқариш ва ижодий муҳит шакллантирилади.
Шунингдек, Нукус шаҳридаги “Истиқлол” боғи замонавий кўп функцияли маданият марказига айлантирилади. Бу ерга Ўзбекистоннинг “EXPO 2025” даги миллий павильони ҳам кўчирилади.
Мутахассислар фикрича, мазкур парк Ўзбекистонда креатив соҳани тўлақонли иқтисодий тармоққа айлантириш, миллий ғояларни халқаро бозорга олиб чиқиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.