Ўзбекистонда биринчи археологик парк “Арк қўрғони”да ташкил этилади

Ўзбекистонда биринчи археологик парк “Арк қўрғони”да ташкил этилади

zlopsnagnaztsrsdgpeszsrtessrt.jpg

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси, Бухоро вилояти ҳокимлиги маданий мерос департаменти вилоят бошқармаси томонидан “Арк қўрғони”нинг 2,5 гектардан иборат археология ҳудудида илмий тадқиқот ишлари олиб борилди.

 

Ҳудудда жойлашган маданий мерос объектлари концервация қилиниб, Ўзбекистонда биринчи археологик паркни “Арк қўрғони”да ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди.

 

 Археологик паркнинг лойиҳаси Ўзбекистондаги Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти (МИЦАИ) томонидан тайёрланмоқда. Институтнинг кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб Ўзбекистонда биринчи археологик парк лойиҳаси устида археология йўналиши бўйича халқаро тоифадаги экспертлар лойиҳа таклифларини тайёрламоқда.

 

Ўзбекистонда ҳозирча ягона қурилиши кутилаётган археология парки вилоят тарихига ва туризм ривожига катта хисса қўшиши ҳамда вилоятга ташриф бюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун янги туризм йўналиши бўлади. Лойиҳа шаҳарни нафақат миллий тарихий ва маданиятининг ҳали тўлиқ ўрганилмаган саҳифаларини очиб беради, балки Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақасининг энг муҳим тарихий жойларидан бири сифатида танилиши аниқ.

 

Арк қалъаси Бухоронинг энг қадимги тарихий меъморчилик ёдгорлиги ҳисобланади. Бундан, 2,5 минг йил олдин, балки ундан ҳам олдинроқ ушбу қалъа катта ва деҳкончилик маданиятига эга бўлган давлат ҳукмдорларининг яшаш жойи бўлган. Баландлиги 16 дан 20 метрни ташкил этади.

 

 Арк ғарбдан шарқка томон ёйилган кўпбурчакни эслатади. Қўрғон ҳудудида ўзбекистонлик машҳур археолог Е.Г.Некрасова бошчилигида 1976-1978 йилларда Ўзбекистон илмий-тадқиқот таъмирлаш институти тадқиқот олиб борган. Охирги археологик тадқиқотларга қараганда, қалъа деворлари милоддан аввалги IV даврда барпо этилган. Биринчи давр – антик, иккинчи давр (мил. IV-V-VIII асрлар чегараси) учинчи давр (IX аср бошлари - XIII аср) тўртинчи давр (XV-XX асрлар)га тўғри келади.

 

 Бухоро босқини (Фрунзе томонидан 1920 йилда) натижасида кўпгина ёдгорликлар қаторида “Арк қўрғони” ҳам вайрона бўлган. Бугунги кунда Арк қўрғонининг сақланиб қолган 1,1 гектар майдонида Бухоро давлат музей қўриқхонаси фаолият юритаётир.

ЎзА