Ўзбекистон вакиллари Ҳуқуқ ва дин бўйича 27-халқаро симпозиумда иштирок этди
Ўзбекистон вакиллари Ҳуқуқ ва дин бўйича 27-халқаро симпозиумда иштирок этди

АҚШнинг Бригам Янг Университети ҳузуридаги Ҳуқуқий ва диний тадқиқотлар халқаро маркази томонидан шу йил 4-6 октябрь кунлари Ҳуқуқ ва дин бўйича 27-халқаро симпозиум ташкил этилди.
Ушбу симпозиум АҚШнинг диний эркинликларни таъминлаш масалалари муҳокама этиладиган асосий халқаро илмий-академик майдончаси ҳисобланади.
Анжуманда Ғарбий ва Шарқий Европа, Марказий ва Жанубий Осиё, Австралия ва Янги Зеландия, Жанубий ва Шимолий Америка, шунингдек Африка минтақаларининг 50 та мамлакатидан жамоат, сиёсат ва дин арбоблари, олимлар, нодавлат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Симпозиум ишига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари ҳам таклиф этилди.
Мавзулар бўйича шўъба мажлисларида диний эркинликларни таъминлаш масалалари давлатлар ва диний ҳамжамиятларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама қилинди.
Форум иштирокчилари, шунингдек дин ва давлат ўртасидаги муносабатлар, виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқи таъминланишининг давлат томонидан тартибга солиниши, инсонни диний омиллар важи билан таъқиб қилишга йўл қўймаслик ҳамда ушбу жараёнда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг роли хусусида ўзаро фикр алмашдилар. Бундан ташқари, турли ижтимоий-сиёсий тузумга эга мамлакатларда виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини таъминлаш амалиёти кўриб чиқилди.
Симпозиум кун тартибига кўра, Марказий Осиёда виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқи таъминланиши мавзуси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.
Баҳс-мунозаралар якунида симпозиум иштирокчилари ва халқаро экспертлар, дунё халқлари ҳаётининг маънавий-ахлоқий асосида диний қарашлар мужассам эканини ҳисобга олган ҳолда, фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод соҳасидаги ҳуқуқларига тааллуқли масалаларни муҳокама қилишда, биринчи навбатда, ҳар бир халқнинг тарихи ва анъанавий қадриятларига ҳурмат ҳамда эътибор билан ёндашиш лозим, деган якдил хулосага келдилар.




