Ўзбекистон – Тожикистон: маданий алоқалар
Ўзбекистон – Тожикистон: маданий алоқалар

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатда маданий дипломатия алоҳида аҳамият касб этади, чунки қардош халқлар ўртасидаги руҳий яқинлик, умумий тарихий хотира ва маданий мерос икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини шакллантирган. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар икки халқ ўртасидаги анъанавий яқинликни мустаҳкамлаб, минтақада ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтиришда ҳам муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.
Маданий меросни асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда тарғиб этишда қўшма ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган анъанавий “Шарқ тароналари” фестивали доирасида икки халқнинг умумий мероси сифатида 2008 йил ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган “Шашмақом” мунтазам равишда кенг тарғиб этиб келинади. Умуман, мазкур анжуман нафақат ижодкорлар ўртасидаги касбий алоқаларни мустаҳкамлаяпти, балки Марказий Осиё мусиқий анъаналари халқаро миқёсда эътироф қилинишига ҳам хизмат қилмоқда.
Чегарадош ҳудудлар маданий ҳамкорлиги кўлами ҳам кенгайган. Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тожикистоннинг Суғд ва Хатлон вилоятлари ўртасида фольклор фестиваллари, ёш ижодкорлар учрашувлари ва қўшма маданий тадбирлар доимий тус олган. Театр жамоалари ижодий сафарлари, қўшма кино лойиҳалари ва адабий анжуманлар икки мамлакат маданий маконини ўзаро бойитишга ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар тарихий муштараклик асосида янги мазмун билан бойимоқда. Айни жараён икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш баробарида бутун Марказий Осиёда ўзаро ишонч, маданий яқинлик ва барқарор тараққиёт муҳитини ҳам шакллантирмоқда.