Ўзбекистон таълим тарихида мутлақо янги саҳифа

Ўзбекистон таълим тарихида мутлақо янги саҳифа 

roppormit.jpg

     Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати Ўзбекистон таълим тарихида мутлақо янги саҳифа очди. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 15 майдаги “Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилган Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати қисқа муддатда халқаро натижага эришди.

      Ўзбекистон ва Марказий Осиёда давлат тасарруфидаги “International Baccalaureate (IB) Diploma” дастурини амалда жорий этган биринчи мактаб сифатида эътироф этилди. Унга IB Жаҳон мактаби мақоми берилди, дейилади Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги маълумотида.

     International Baccalaureate  халқаро даражадаги таълим дастури бўлиб, 1968 йилда ташкил этилган. IB дастури дунё бўйлаб мактабларда ўқитилади ва у талабаларни академик, маданий ва шахсий жиҳатдан ривожлантиришга йўналтирилган. Шунингдек, IB дипломи кўплаб халқаро университетлар томонидан тан олинади ва олий таълимга киришда афзаллик беради.

     Алоҳида таъкидлаш жоизки, IB ташкилотининг 58 йиллик фаолияти давомида, дунё бўйлаб 5 800 дан ортиқ IB мактаблар орасида илк бор давлат мактаби атиги 4 ой ичида аккредитациядан муваффақиятли ўтди. Бу — Янги Ўзбекистон таълим салоҳиятининг жаҳон миқёсида тан олинишидир.

     Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатида мактабдаги яратилган таълим муҳити, бошқарув тизими, ўқувчилар ва ота-оналарнинг масъулиятли ёндашувлари алоҳида эътироф этилди .

     Эндиликда Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатида IBDP дастурининг жорий этилиши орқали ўқувчиларни Harvard, MIT, Oxford, Cambridge, Stanford, Columbia каби дунёнинг етакчи университетларига тўлиқ грант асосида мақсадли тайёрлаш имконияти яратилди.