Ўзбекистон миллатлараро ва динлараро аҳиллик, ўзаро англаш таъминланиши бўйича юритаётган сиёсат Деҳлида тақдим этилди
Ўзбекистон миллатлараро ва динлараро аҳиллик, ўзаро англаш таъминланиши бўйича юритаётган сиёсат Деҳлида тақдим этилди

Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов Ҳиндистон фуқаро муносабатлари кенгаши томонидан “Халқаро дўстлик куни”га бағишлаб ўтказилган вебинарда иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ҳиндистон фуқаро муносабатлари кенгаши аъзолари, эксперт-таҳлил доиралар вакиллари ҳамда қатор хорижий мамлакатларнинг элчилари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси ўз маърузасида республикамизда миллатлар ва конфессиялараро тотувлик ва бир-бирини ўзаро англашни таъминлаш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар, мавжуд маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти ҳақида атрофлича сўз юритди.
Хусусан, мамлакатдаги 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 диний конфессия вакиллари, 150 га яқин миллий маданий марказларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишларга алоҳида эътибор қаратди. Шу ўринда Ўзбекистонда қабул қилинган Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепциясининг муҳим аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Онлайн-мулоқот давомида иштирокчиларга Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги узоқ тарихий илдизларга эга бўлган дўстлик ришталари ва бой маданий алоқалар хусусидаги маълумотлар ҳам тақдим этилди.
Бугунги кунда Деҳли шаҳрида фаолият олиб бораётган “Ҳиндистон-Ўзбекистон” дўстлик жамияти жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган ШҲТ Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатгани алоҳида қайд этилди.




