Ўзбекистон маданияти яна бир бор дунё эътиборида

Ўзбекистон маданияти яна бир бор дунё эътиборида

 

mrobpolbrpolurpldoudud.jpg

 

Истанбул шаҳрида 21-24 май кунлари давом этган 8-Этноспорт маданият фестивали якунланди. Халқаро Этноспорт конфедерацияси томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли анжуман бу йил ҳам минглаб меҳмонлар – спортчи, санъаткор ва сайёҳларни бир жойга жамлади.

Отатурк аэропорти ҳудудида “Дунё шу ерда” шиори остида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида анъанавий равишда намойиш этилган Гулбанк маросими, меҳтар жамоаси ва миллий делегациялар чиқиши байрамга ўзгача тарихий руҳ бағишлади.

Бу йилги фестиваль аввалгиларига қараганда кенг кўламда ўтди. Майдон ҳақиқий этношаҳарчага айланиб, атрофда миллий мусиқалар янгради. Турли халқларнинг анъанавий либослари ва рақслари томошабинларга унутилмас таассурот ҳадя этди.

Осиё, Европа, Африка ва бошқа қитъалар вакиллари ўз маданиятини миллий либослар, халқ ўйинлари, қўшиқ ва рақс, ҳунармандлик намуналари ҳамда миллий таомлари орқали тақдим қилди.

Тадбир давомида кураш, от спорти, камондан отиш, анъанавий халқ ўйинлари, саҳна чиқишлари ва халқ амалий санъати кўринишлари намойиш этилди. Айниқса чавандозлар чиқиши, анъанавий кураш мусобақалари барчада қизиқиш уйғотди. Болалар ва оилалар учун ҳам махсус майдонлар ташкил қилиниб, улар миллий ўйинлар ва маданий дастурларда иштирок этди.

Ташкилотчилар ЎзА мухбирига берган маълумотга кўра, бу йилги Этноспорт маданият фестивалига 1,5 миллионга яқин меҳмон ташриф буюргани тарихий рекорд сифатида баҳоланди. Фестивалда таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий жамоаси томонидан ҳар куни 1 тонна 250 кг ўзбек палови дамланди.

Анъанавий услубда улкан қозонларда тайёрланган ош минглаб меҳмонларга тарқатилди. Паловнинг хушбўй ҳиди, миллий куй-қўшиқларимиз ва самимий муҳит ҳақиқий ўзбек меҳмондўстлигини акс эттирди. Сўнгги йилларда ўзбек палови Туркияда тобора машҳур бўлиб бораётгани айнан шу тадбирда яққол сезилди.