Ўзбекистон ислом ва туркий дунёнинг интеллектуал келажагини бирлаштирмоқда

Ўзбекистон ислом ва туркий дунёнинг интеллектуал келажагини бирлаштирмоқда

Ислом цивилизациясининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини очиб бериш, унинг илм-фан, маданият ва маънавий тараққиётга қўшган улкан ҳиссасини намоён этиш, шунингдек, замонавий дунёда тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан 300 нафарга яқин давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, етук уламолар, академиклар, тадқиқотчилар, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Тошкентда 7 июл куни ўзи ишини бошлаган “Тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусидаги I халқаро ислом цивилизацияси форуми ислом олами олдида турган қатор долзарб масалалар ва келажакдаги вазифалар муҳокамалари учун долзарб платформага айланди.

Шаҳин Мустафоев, академик, тарих фанлари доктори, профессор, Халқаро Туркий академия президенти:

— Аввало, бу ерда, Ислом цивилизацияси марказида бўлиб турганимдан жуда мамнунман. Чунки янги ташкил этилган ушбу марказ нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун туркий дунё ва жаҳондаги энг йирик ислом тадқиқот марказларидан бири ҳисобланади. Шу боис, бу марказ Ўзбекистоннинг ҳам, бутун туркий дунёнинг ҳам фахридир. Шунингдек, ушбу марказнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилгани алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон тарихан ислом маданияти, ислом цивилизацияси ва исломий интеллектуал ҳаётнинг муҳим марказларидан бири бўлган. Бу замин Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк ислом мутафаккирларининг ватани ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг Ислом маданияти ва цивилизациясига қўшган ҳиссаси беқиёс даражада улкандир. Шу билан бирга, бугун мазкур Марказнинг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг яна ислом оламининг нуфузли марказларидан бирига айланаётганини кўрсатувчи муҳим омилдир.

Бугун айнан шу марказда ўтказилаётган I халқаро ислом цивилизацияси форуми ислом олами, туркий дунё ҳамда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидан нуфузли мутафаккирлар, олимлар ва жамоат арбобларини бир ерга жамлади. Албатта, бугунги кунда Ислом олами олдида турган қатор долзарб муаммолар мавжуд. Ана шундай масалаларни муҳокама қилиш, фикр алмашиш ва ечимлар излаш учун бундай мулоқот майдонларининг яратилиши ниҳоятда муҳимдир.

Ушбу форум фақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё муаммоларини муҳокама қилиш билан чекланиб қолмайди. У, умуман олганда, бутун ислом олами ва инсоният учун муҳим аҳамиятга эга бўлган катта мурожаатдир. Ислом — тинчлик дини, бағрикенглик динидир. Бугун халқаро муносабатлар тизими жиддий синовларга дуч келаётган, беқарорлик кучайиб бораётган бир даврда ислом бутун инсониятга, барча халқлар ва давлатларга тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро тоқатлилик ғояларини етказмоқда.

Шу нуқтаи назардан, мен бу форум доимий анъанага айланади, деб ўйлайман. Бежизга у «Биринчи форум» деб номланмаган. Демак, унинг иккинчи, учинчи, бешинчи ва кейинги форумлари ҳам бўлиб ўтади.

Чунки дунё муаммолари ҳеч қачон тугамайди. Уларни муҳокама қилиш, фикр алмашиш ва ечимлар ишлаб чиқиш учун ана шундай халқаро платформаларга доимо эҳтиёж бўлади. Ўзбекистоннинг ана шундай нуфузли мулоқот майдонига мезбонлик қилаётгани унинг жаҳон, ислом олами ва туркий дунёнинг муҳим марказларидан бирига айланаётганини англатади.