Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси китобига ёзилган энг ёруғ саҳифалардан бири
Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси китобига ёзилган энг ёруғ саҳифалардан бири

Мамлакатимизда ташкил этилган «I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли» мавзусидаги форум она диёримиз азалдан илм ва маърифат излаб дунёнинг турли бурчакларидан одамлар интилиб келган муқаддас замин эканини яна бир бор тасдиқлади. Форум иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари билан танишар эканмиз, бу ҳақиқатга яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.
Бугун ана шу буюк меросни ёдга олар эканмиз, бизнинг масъулиятимиз фақат ўтмиш билан фахрланишдан иборат эмас. Балки илм ва амал орқали, юксак исломий қадриятларга таянган ҳолда, цивилизация руҳини бугунги ҳаётимизда қайта жонлантиришдир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг исломий, илмий ва маданий меросни қайта тиклаш, уни асраб-авайлаш ҳамда бутун дунёга танитиш борасидаги юксак саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этамиз. Бу борада муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев жанобларининг хизматлари беқиёсдир. Аллоҳ таоло у кишининг саъй-ҳаракатларини муборак қилсин ва улар орқали эл-юртга манфаат ато этсин.
Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказининг очилишини ислом оламидаги энг йирик илмий ва маданий масканлардан бири сифатида юксак қадрлаймиз. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилганини ҳам юксак баҳолаймиз. Айниқса, ушбу марказда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини тадқиқ этишга қаратилган илмий ишлар алоҳида аҳамиятга эгадир.