Ўзбек ёғоч ўймакорлиги мактаби

Ўзбек ёғоч ўймакорлиги мактаби

aukprurkfuykprfuaucfa.jpg

         ЁҒОЧ ЎЙМАКОРЛИГИ — бадиий ҳунармандчиликнинг қадимий ва кенг тарқалган туридир. Ёғочни кесиб, ўйиб, чизиб, заминни тешиб нақш, бўртма шакллар ҳосил қилиб, ёғоч тахтача ва бўлакларини бир-бирига улаб, жипслаштириб (асосан панжарада) геометрик шакллар, ўсимликсимон тасвирлар,  ислимий нақшлар ҳосил қилинади.  Ўймакор уста  нақшни безатиладиган сиртга ахта воситасида туширади ва устидан нақш чизиқлари чизиб чиқилади сўнг асбоб (искана)лар ёрдамида ўйилади.  Ўйишда турли усуллар (паргари, бағдоди) кенг қўлланилади.

        Ёғоч ўймакорлиги кўп меҳнат талаб қиладиган соҳа бўлиб, унда Ўзбекистонда ўсадиган маҳаллий дарахтлар(қайрағоч, арча, ёнгоқ, тут, ўрик, чинор, тол, терак ва б.)дан фойдаланилади. Ўймакор усталар дарахт ёғочларининг хусусиятларини яхши билишган (дарахт ёғочларининг қуёш нури кўп тушган томони пишиқ, зич толали бўлади).  Технология бўйича ёғочлар 6 ойдан 1 йилгача сув (ҳовузлар)да сақланади, сояда қуритилади.

       Ўймакорликнинг нақш намуналарида гириҳ, ислимий нақшлар тури кенг ишлатилади, мустақил равишда гириҳ камдан кам ҳолларда қўлланилади; гириҳ ва ислимий нақшлар уйғунлаштирилиб, рангбаранг жозибали намуналар, намоёнлар яратилади. 

         Ёғоч ўймакорлиги қадимдан тараққий этган. Қадимги Шаркда, антик дунё меъморчилигида кенг тарқалган, Европа, Осиё мамлакатларида хилма-хил услублари вужудга келган. Ўзбекистон ҳудудида ҳам қадимдан меъморликда, рўзғор буюмларида кўп қўлланилган. Мовароуннаҳрда ислом дини тарқалгунига қадар ёғоч санамлар тайёрлаш ривож топган.  Тарихчи Наршахий «Бухоро тарихи» асарида 
8-асрларда эшиклар ўйма тасвирлар билан безатилгани ҳақида ёзади. Ёғоч ташқи муҳит таъсирига анча чидамсизлигидан ёғоч ўймакорлигининг қадимги намуналари сақланмаган. Сакланганларининг энг қадимийси 9—12 асрларга мансуб бўлиб, Самарқанддаги  Қусам ибн Аббос мақбараси бино шарафалари нақшлар билан безатилган, забарравларида қушлар, афсонавий махлуқларнинг тасвирлари ишланган. Бухорода Сайфиддин Боҳарзий мақбарасининг тўсинлари (14а.), Самарқандда Руҳобод мақбараси, Амир Темур мақбараси эшикларига ишланган нақшлар улкан маҳорат самарасидир. Бухородаги Улуғбек мадрасасининг эшиклари қисмларига ёғоч тахтачалардан елимсиз, мих ишлатмай гириҳ нақшлар ҳосил қилинган. 19-асрда Хоразм услуби юксакликка кўтарилгани, Хивадаги Тошҳовли айвонлари, хоналаридаги устунларнинг каллагида, муқарнасларда, эшикларнинг безакларида кўзга ташланади.

akpyaukpryukrfukpufp.jpg

           Ўзбекистон худудида ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб турувчи Тошкент, Хива, Қўқон, Фарғона, Бухоро Ёғоч ўймакорлиги мактаблари шаклланган. Тошкентлик усталар ўйма нақшларда ясси бўртмали, заминсиз чизмани кенг қўллаганлар. Хивада маҳобатли Ёғоч ўймакорлиги кенг тарқалган, нақшнинг майдалиги, заминнинг камлиги, ўйноқилиги билан ажралиб туради, бу ерлик усталар ёғочнинг табиий рангини сақлаб қолганлар, бўямаганлар. Самарқандлик усталар замин ва бўртмани локлаганлар. 
Қўқон, Фарғонада эшик, устунларни чуқур ясси бўртма нақшлар б-н безаб, нақш юзасига тўкроқ ранг бериб сўнг локлаганлар. Бухоролик усталар ўйма нақшларни олтин, кумуш суви б-н безаганлар, нақш заминини ранглар б-н бўяганлар. 20-асрдан ёғоч ўймакорлигининг заминни ўйиб бир неча қават бўртма тасвир ҳосил қилинадиган (1,5 мм дан 30 мм гача ўйиладиган) мураккаб ва жозибали тури шаклланди.

aukpyukrfyupfcuafcua.jpg

          Тошкентлик Т. Айюбхўжаев, А. Турсунбоев, С. Хўжаев, М. Қосимов, Н. Иброҳимов, О.Файзуллаев, Хивалик О.Полвонов, С. Боғбеков,  Қўқонлик А.Абдураҳмонов, Қ.Ҳайдаров, Марғилонлик Ю.Маъруфжонов, У. Аҳмедов, Самарқандлик Н.Назруллаев, Бухоролик ака-ука Ғафуровлар, Ш. Саидов ва бошқа ўнларча халқ усталари Ёғоч ўймакорлиги анъаналарини давом эттириб, янги оҳанглар билан бойитдилар, кўплаб жамоат биноларини ёғоч ўймакорлиги билан безадилар. 1940 йиллардан кўпгина жамоат бинолари (Бадиий кўргазмалар  дирекцияси,  Муқимий  театри,  Навоий театри,  Халқлар Дўстлиги саройида, Ўзбекистон халклари тарихи музейи, Ўзбекистон БА Марказий кўргазмалар зали каби биноларда ўрнатилган ёғоч махсулотлари (эшик,панжара,деразалар)да яққол намоён этиб турибди.

         Ўзбекистонда ёғоч ўймакорлигини ривожлантиришга ҳам катта эътибор билан қаралмоқда. Тарихий қадриятларни тиклаш, ривожлантириш, янги хусусиятлар билан бойитишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Халқ усталари ёғоч ўймакорлиги усул ва услубларини ривожлантириб, кўплаб барпо қилинаётган биноларни ушбу усулда безамоқдалар, айниқса Темурийлар  тарихи  давлат  музейи,  Имом ал-Бухорий  мажмуаси,  Хотира майдони мемориал мажмуаси, Олий Мажлис биноларида ёғоч ўймакорлигининг бетакрор намуналари барпо этилган.

       Бугунги кунда Тошкентда кенг миқёсда қурилаётган Ислом цивилизация маркази қурилишида пардозлаш ва безак ишлари доирасида Тошкентдан, Самарқанддан, Фарғона водийсидан, Бухоро ва Хоразмдан  юқорида қайд этилган усталарнинг шогирдлари, яқин инсонлари ёғоч ўймакорлик ишлари доирасида ўз меҳнатлари билан иштирок этмоқдалар.